French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нефть-газ соҳасида молиялаштириш имкониятлари кенгаймоқда
16:52 / 2026-02-16

“Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти ва “Standard Chartered Bank” вакиллари ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда мазкур ташкилот ахборот хизмати маълум қилди.

Унда томонлар ўзаро ҳамкорлик истиқболларига урғу берди. Хусусан,  жамиятнинг сўнгги йилларда молиявий натижаларга эришиши, трансформация жараёнлари ҳамда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. 

Суҳбатда давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш, геология-қидирув ишларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва рақамли бошқарув ечимларини жорий қилиш масалалари ҳам батафсил муҳокама қилинди. 

Шунингдек, унда “Standard Chartered Bank”нинг молиялаштириш битими ва еврооблигациялар чиқариш жараёнида қўшма етакчи ташкилотчи сифатидаги роли алоҳида таъкидланди.

Томонлар ҳамкорликни кенгайтиришни устувор вазифа сифатида баҳолаб, компанияни икки томонлама ва қайта тикланадиган (revolving) кредит линиялари орқали молиялаштириш ҳажмини ошириш, инвестиция лойиҳалари ҳамда импорт шартномаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, қарз портфелини оптималлаштириш йўналишларини муҳокама қилди.

Қайд этилганидек, жорий йилда қарз маблағлари қийматини камайтириш ва узоқ муддатли молиялаштириш манбаларини жалб қилиш компаниянинг стратегик устувор йўналишларидан биридир. 

Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш ва янги қўшма лойиҳаларни молиялаштириш бўйича келишувга эришди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА