Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Не-не улуғларни дунёга келтирган юксак маънавиятли, маърифатли халқнинг бир бўлаги эканимизни унутмайлик...
13:13 / 2020-04-11

Айни кунда коронавирус пандемияси инсонларни яна бир бор чуқур мушоҳада қилишга, ўз тафаккурига таяниб иш юритишга чорламоқда.

Уйда қолинг!

Айни кунда коронавирус пандемияси инсонларни яна бир бор чуқур мушоҳада қилишга, ўз тафаккурига таяниб иш юритишга чорламоқда. Мамлакатимизда мазкур касалликка қарши кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Ўзбекистон халқига яна бир бор мурожаат қилиб, барчамиздан ўзимиз, яқинларимиз ва атрофимиздагиларнинг саломатлигини асрашимизни, ҳушёр ва огоҳ бўлишимизни, карантин даврида шифокорлар тавсияларига қулоқ тутиб, карантин талабларини тўла-тўкис бажаришга чақириб, бирлашган ҳолда битта мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз, ортиқча ваҳимага берилмасдан, карантин қоидаларига амал қилишимиз лозимлигини қайта-қайта таъкидлади.

Бу каби синовли кунларни, турли хавф ва хатарларни халқимиз кўп бора бошидан кечирган. Аждодларимиз бу каби балою офатларни улкан тажриба, ақл-идрок, сабр-тоқат, юксак маънавият ва илму-маърифат билан собитқадамлик билан енгиб ўтган.

Давлатимиз раҳбари, нуроний оталаримиз, мунис оналаримиз ўз жонкуярлиги, сабр-бардоши, эзгу дуолари билан барчага ибрат бўлишини таъкидлаганлиги ҳамда бугунги кунда уй шароитида, масофадан туриб таҳсил олаётган талаба, ўқувчи ва бутун ёшларимизга мурожаат қилиб, ҳар қандай шароитда ҳам илм-маърифатни, китобни энг яқин ҳамсуҳбат, ҳамроҳ, дўст деб билишга даъват этиб уйда қолишни сўрадилар.

Кўрсатилган катта эътибор, тиббий ёрдамларга қарамасдан коронавирусга чалинган беморлардан 3 нафари вафот этди. Юртбошимиз, шахсан ўзлари, халқимиз номидан вафот этган инсонларнинг яқинлари, қариндош-уруғларига чуқур тазия изҳор этдилар.

Бу эса Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун шу давлат раҳбари жон куйдираётганидан, ҳар бир инсон ҳаёти учун ўзларида маъсуллик ҳис қилаётганидан далолат бермайдими! Ватаним, халқим, миллатим ва уларнинг эртанги тақдири учун жон куйдираётган Президентимиздан ҳар қанча миннатдор бўлсакда кам!

Қани айтингчи, дунёни энг ривожланган, демократия устувор деб ҳисоблаётган АҚШ ўз фуқаролари учун шунчалик жон куйдираяптими? Ҳатто, болам-чақам, элим-юртим деб хорижда идиш-товоқ ювиб, кўча супуриб юрган ўз фуқароларини ватанига қайтишини тақиқлаган давлатлар йўғми?!.

Мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг тарқалишини олдини олишга, ушбу дардга чалинганларни даволашга, турли сабабларга кўра хориждаги фуқароларимизни чартер авиа-рейслар, махсус поездлар эшалони, автотраспорт маршрутлари ташкил этилиб, юртимизга олиб келиш, уларнинг барчасини карантинга олишга, инфекцияни юқтириб олганларни даволашга миллиард-миллиардлаб сўм маблағ сарфланяпти. Барча харажатлар давлат бюджети ҳисобидан ажратилмоқда.

Минг афсуски, ҳукуматнинг шунча эътибори, яратилган шароитларига қарамай, баъзи маънавияти, маърифати, илм даражаси саёз, имон-эътиқоди суст фуқароларимиз карантиндан қочиш, карантин қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатларини қайд этмоқда. Ахир биз – Ал Беруний, Ал Хоразмий, Ал Фаробий, Ибн Сино, Баҳоуддин Нақшбандий, Имом Бухорий, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Нодирабегим, Увайсий, Абдулла Қодирий ва яна юзлаб не-не улуғларни дунёга келтирган, камолга етказган юксак маънавиятли, маърифатли халқнинг бир бўлаги эмасмизми? Наҳотки бир синовга бардош бера олмай ким эканимизни шунчалик тез унутдик.

Халқнинг бирлиги, жипслиги, кимлиги, қандайлиги шундай синовли кунларда билинди ва синалди.

Иккинчи жаҳони уруши вақтида сўнги бурда нонини ҳам эвакуация қилинган бошқа миллат вакиллари билан бўлишиб еган ХАЛҚ бизнинг бобо-момоларимиз эмасмиди?!. Шундай бағри кенг, юксак маънавиятли, маърифатли халқнинг зурриётлари наҳотки, бугун арзимаган 40-50 кило картошкаю, 50-60 кило гручга ўз нафсимизни ўйлаб иймонимизни сотсак? Озгина сабрли, озгина шукронали бўлиш бизнинг миллатимизга мос ва хос бўлган энг яхши жиҳатларимиздан эмасмиди?!.

Айни дамда ҳам умри давомида ҳеч бўлмаса бир марта қорни тўйиб нон емаган, очлик ва қашшоқликда яшаётганлар қанча? Ҳар йили сайёрамизда ана шу очликдан миллиардлаб одамлар ўлиб кетаётганини бизга сабоқ бўлмоғи лозим эмасми?!

Қадрли ватандошлар, қани айтингчи, қайси давр, қайси замон ёки қайси жамиятда давлатнинг биринчи раҳбари ўз халқи саломатлиги, фаровонлиги, юртининг тинчлиги, осойишталиги учун бу қадар жонкуйдирган, бу қадар азим турган? Кўринар-кўринмас бало-қазолардан ҳимоя қилиш учун бу қадар куйиб-пишган? Бир эмас, икки эмас, уч марталаб халқига, шунда ҳам уларнинг саломатлигини ўйлаб мурожаат қилган?!.

Тўғри, “Ўқувчимисан, талабамисан, ишчи ёки хизматчимисан, сени ўрнинг пахта даласида! Ҳамманг ёппасига – 7 ёшдан 70 ёшгача пахта теримига чиқ! Ҳамманг шанбаликка чиқ!” ва ҳоказо, ва ҳоказога ўхшаш мурожаатлар бўлган, аммо уларда халқ манфаати, саломатлиги эмас, ўзимиздаги раҳбарларнинг обрўси, Москвадаги казо-казоларнинг чўнтагини қаппайтириш учунгина қилинган эди.

Ахир Президентимиз бизни мажбурий меҳнатга чиқишга, биринчи жаҳон урушидагига ўхшаб, Ўрта Осиёликларни қурол-яроқсиз, жанг майдонига бориб окоп қазиш учун мардикорликка чорлаётганлари, қолаверса тубсиз жарликка сакрашга мажбур қилаётгани йўқку?!. Биздан талаб қилинаётгани нима? Бор-йўғи уйда ўтириш, холос!

Давлатимиз раҳбари мурожаатда айтганларидек, касалликни маҳалламизга, оиламизга, уйимизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъул эканлигимизни унутмасак, барчамиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, уйда маънавиятимизни узлуксиз маърифат чашмаси ила суғорувчи – китоб билан суғорсак, ишончим комилки, ушбу синовли кунлардан соғ-омон ўтамиз.

Ҳурматли юртдошлар, ўзингиз, оила аъзоларингизни, яқинларингизни, қариндош-уруғларингизни ва қўни-қўшниларингизни саломатлигини асранг! Илтимос, УЙДА ҚОЛИНГ!

Ғ.ЮСУПОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари