English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Не ҳайрат кўзи, балки ибрат кўзи...
15:18 / 2024-02-13

Алишер Навоий асарлари – миллий маънавиятимизнинг энг мўътабар дурдоналари янглиғ ғоят азиз ва қадрли. Улардаги пурмаъно ғоялар кишиларни мукаммал инсон бўлишга ундаб келаверади.

Миллий маънавиятни ушбу улуғ мутафаккир ижодисиз тасаввур қилиш ҳам, ривожлантириш ҳам, такомиллаштириш ҳам – амри маҳол. Унинг асарларида ҳар тарафлама такомилга эришган инсонни тарбиялаш алоҳида ўрин тутади. 

Навоий “Садди Искандарий” достонида Искандар бошига ўлим ханжари келиши билан ажал елидан бир оҳ тортади, онасидан йироқда бўлган фарзанд унга нома ёзади: 

Эй Она, қанча ишларни бажардим, кўп нарсаларнинг эгаси бўлдим, энди ўлимим олдидан буларнинг ҳаммаси хом хаёл эканлигини билиб қолдим. Энди билсам, фарзандлик бурчимни адо этмаган эканман. 

Демон қилсам эрди ўғуллуқ санга 
Қабул айласам эрди қуллуқ санга. 

Санга айлабон хоки даргоҳлиқ 
Анинг отин этсам эди шоҳлиқ. 

Фарзанд учун ота-она олдидаги бурчни бажариш лозимлигини уқтириш билан Навоий мана шу эпизоддан бошлаб Искандарнинг комил инсон сифатида талқин эта боради. 

Шу бобда Искандарнинг васияти ҳам берилган: Эй Она, ўлимимга сабр эта олмасанг бутун юртга ош бергин ва айтгинки, бу ошдан ҳеч кими ўлмаганлар татиб кўрсин дейди. 

Бу эпизод орқали Искандар онаси қалбига далда беради, уни ғам емасликка ундайди. Навоий воқеани давом эттириб, Искандар орқали яна комилликни тарғиб эта боради. 

Бу Искандарнинг ўлими олдидан қилган васияти орқали баён этилган: 

Чиқоринг бир илигимни тобутдин 

Ҳамул навъким ришта ёқутдин. 

Искандар айтадики, қабрга олиб бораётганда бир қўлимни тобутнинг ёнидан чиқариб қўйинглар, кишилар тобутга назар солар эканлар, ибрат юзасидан шу қўлга қарасинлар. Одамлар билсинларки, шунча мол-мулкнинг эгаси бўлган инсон ҳам бу дунёдан бўм-бўш қўл билан бу жаҳондан кетмоқда. Кимки мол-мулкни ҳавас қилса, унга ана шу қўл етарли тажриба бўлсин, дейилади: 

Ки эл солиб ул сори ҳайрат кўзи, 

Не ҳайрат кўзи, балки ибрат кўзи. 

Албатта, шоир буни биринчи галда ўз замонаси кишилари учун ўгит сифатида битган. Инсон бу дунёга мол ва давлат, қорин дарди билан чегараланиб қолмаслиги ундан ҳам юқорироқ турадиган илм, маърифат билан шараф топишини уқтирган ва тарғиб этган. Бироқ даврлар ўтгани билан бу доно фикрларнинг аҳамияти асло йўқолмайди. Бугунги кишилар ҳам бундан хулоса чиқариши лозим. 

Дилдора Ғаффорова, 

Бухоро шаҳридаги 28-умумтаълим мактаби 

она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси