Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан ҳамкорликда бошланган янги лойиҳа доирасида назорат хариди ташкил этилди.
Тошкент шаҳридаги савдо шохобчаларидан 9 номдаги озиқ-овқат маҳсулотлари намуналари харид қилинган ва белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, аккредитациядан ўтган лабораторияларга синовдан ўтказиш учун тақдим этилган.
Натижада, 9 номдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан 8 номдагиси, яъни уларнинг 88 фоизи амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига номувофиқлиги маълум бўлди, дея хабар бермоқда Рақобат қўмитасининг матбуот хизмати.
Хабарга кўра, техник регламент ёки стандарт талаблари бўйича камчиликлар маҳсулотнинг таркиби, ёриқланиши ва қадоқланиши билан боғлиқ бўлиб, қуйидаги ишлаб чиқарувчи корхоналарга тегишли эканлиги аниқланган:
1. “BRUNI” шоколадли кекс маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Almerro Group” МЧЖ;
2. “SELLATILGAN MOL GO‘SHTI oliy nav” Консерваланган мол гўшти маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Marmaks” ҚК МЧЖ;
3. “BIO KEFIR” кефир – ишлаб чиқарувчи корхона “DIL-BAH DAIRY GROUP” МЧЖ;
4. “Qand” маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Prima industries group” МЧЖ;
5. “Черноголовка” газланган салқинлантирувчи ичимлик – ишлаб чиқарувчи корхона “Aqua Products” МЧЖ ҚК;
6. “Urussa” кунгабоқар ёғи – ишлаб чиқарувчи корхона “Resurs” мой экстракция заводи;
7. “Кунжутное масло” ёғ маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Maxmadjon Nurafshon” ХК;
8. “Sedana yog‘i” ёғ маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Maxmadjon Nurafshon” ХКлар.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддасига мувофиқ, товарнинг нуқсони – товарнинг норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларига, шартнома шартларига ёхуд товарнинг сифатига одатда қўйиладиган талабларга номувофиқлиги;
13-моддасига мувофиқ, нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:
- товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
- товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;
- товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
- харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
- шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.
Маълумот учун: Президентнинг 02.06.2021 йилдаги ПФ-6240-сон Фармонининг 3-бандига мувофиқ, санитария-эпидемиологик хулосаси мажбурий тартибда олиниши лозим бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан мувофиқлик сертификатини олиш ихтиёрий равишда амалга оширилади. Бунда, ушбу маҳсулотларни тайёрловчилар (ишлаб чиқарувчилар), етказиб берувчилар ва сотувчилар уларнинг техник регламентлар ва стандартлар билан белгиланган мажбурий талабларга мувофиқлигини таъминлаш учун жавобгар ҳисобланиши белгилаб қўйилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 июлдаги 490-сонли қарори билан тасдиқланган Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентининг 90-бандига асосан, назоратни амалга оширувчи давлат органлари техник регламент талабларига мувофиқ бўлмаган тамғаланган озиқ-овқат маҳсулотлари муомалага чиқарилишининг олдини олиш, шунингдек, бундай маҳсулотларни бозордан муомаладан олиб қўйиш учун барча чораларни кўриши шартлиги белгилаган.
Ҳозирда Рақобат қўмитаси томонидан назорат хариди давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва сифатсиз маҳсулотларнинг сотилишига чек қўйиш юзасидан белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда, дейилади хабарда.
Умиджон Қурбонов тайёрлади.
ЎзА