Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
НАЗОРАТ ТАҲЛИЛИ: АЁҚШларда 43 та ҳолатда истеъмолчилар ҳақидан уриб қолинаётганлиги аниқланди
16:16 / 2022-06-03

Жорий йилнинг 25-28 май кунлари нефть маҳсулотларини сотиш билан шуғулланувчи 113 та хусусий корхоналарга қарашли 117 та АЁҚШларда навбатдаги назорат тадбирлари ўтказилди.

Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Унга кўра, тадбир давомида умумий миқдори 393 минг литр нефть маҳсулотлари билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. 

Хусусан, АЁҚШлар сиғимларида сақланаётган 2 миллион 408 минг литр нефть маҳсулотларидан намуналар олиниб, лаборатория шароитида таҳлил этилганида 230 минг литр (10 %) маҳсулот сифатсиз эканлиги, 150 минг литр камомад ва 13 минг литр ортиқчаликка йўл қўйилганлиги, 43 та ҳолатда истеъмолчилар ҳақидан ҳар 10 литрда 10 миллилитрдан 740 миллилитргача уриб қолинаётганлиги аниқланган. 

Тадбир давомида АЁҚШларда 450 га яқин техник ва метрологик камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди. 

Мамлакат бўйича аниқланган қонун бузилиш ҳолатларининг асосий қисми Андижон вилояти (94 минг литр), Сурхондарё вилояти (70 минг литр), Тошкент вилояти (44 минг литр), Наманган вилояти (38 минг литр), Сирдарё вилояти (23 минг литр), Фарғона вилояти (39 минг литр), Тошкент шаҳри (18 минг литр), Жиззах вилояти (21 минг литр) ва Самарқанд вилоят (22 минг литр)ларига тўғри келмоқда. 

Аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди, дейилади вазирлик хабарида. 

Эслатиб ўтамиз, айни чоғда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзнефтгазинспекция” томонидан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали истеъмолчиларга етказиб берилаётган нефть маҳсулотларини сифат ва миқдор жиҳатидан амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги доимий назоратга қилиб келинмоқда.