Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида фаолият юритаётган 60 та оилавий хусусий мактабгача таълим ташкилотининг фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Ўрганишлар натижасида болалар соғлиғи ва хавфсизлигига жиддий таҳдид солувчи ҳолатлар аниқланди.
Санитария-эпидемиологик талаблар қўпол равишда бузилган 10 та боғча текширув доирасига киритилиб, уларнинг 8 тасида белгиланган меъёрларга риоя этилмагани учун 19 миллион 125 минг сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди.
Текширув давомида 5 та боғчада эрталабки тиббий фильтр амалиёти умуман ташкил этилмагани, 7 тасида профилактик дезинфекция ишлари ўтказилмагани, 2 та боғчада болалар тиббий кўрикдан ўтмаганлиги, 4 тасида эса болаларга берилаётган таомлардан кунлик синама намуналари олинмагани каби жиддий камчилик ва муаммолар аниқланди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби лоқайдлик ва назоратсизлик ҳолатлари фарзандларимизнинг жисмоний соғлиғига жиддий хавф туғдириши мумкин. Овқатланиш, гигиена ва тиббий кузатув билан боғлиқ бундай қўпол қонунбузилишлар нафақат эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашишига, балки юқумли касалликлар тарқалишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Юқоридаги ҳолатлар сабабли тумандаги 2 та хусусий боғчанинг фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу эса мактабгача таълим соҳасида назорат механизми ва амалиёт ўртасида жиддий тафовут мавжудлигини яна бир бор намоён этди.

Шу кунгача санитария-эпидемиология соҳаси мутахассислари томонидан хусусий боғчалар раҳбарлари учун бир неча марта ўқув семинарлари ташкил этилган бўлса-да, амалий ижро ҳолати ҳануз қониқарсизлигича қолмоқда. Бу эса ушбу ташкилотларнинг масъулияти етарли эмаслигини ва назорат тизимини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Ўрганиш натижалари юзасидан барча нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарларига аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича тегишли огоҳлантиришлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири