Назорат тадбири: 188 дона тиббий ускуна ва ўлчаш воситаларидан фойдаланиш тақиқланди
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспексиясининг Андижон вилояти инспекторлари томонидан Андижон шаҳрида жойлашган "Республика Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Андижон филиали" ДМда давлат назорати ўтказилди.
Текширув давомида муассасада жами 188 дона ўлчаш воситаси метрологик текширувдан ўтмаган ҳолда суд-тиббий экспертиза хизматларида қўлланиб келинаётгани аниқланди.
Маълумки, ўлчаш воситаси — ўлчашлар учун фойдаланиладиган ва белгиланган метрологик хусусиятларга эга бўлган техника воситаси ҳисобланади.
Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси "Метрология тўғрисида"ги қонунининг 16-моддаси ҳамда давлат стандарти талабларига зид экани белгиланди.
Текширув натижасида муассаса раҳбарига маъмурий чора кўрилди ҳамда 188 дона тиббий ускуна ва ўлчаш воситаларидан фойдаланишни тақиқлаш бўйича кўрсатма берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА