Сирдарё вилоятида аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш ва хизмат кўрсатиш соҳасида замонавий стандартларни жорий этиш мақсадида “Ҳудудгаз Сирдарё” филиали томонидан барча маиший газ баллонларини Face ID технологияси орқали назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизими йўлга қўйилди. Ушбу инновацион ечим истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш, газ тарқатиш жараёнида аниқлик ва шаффофликни ошириш, ҳар бир баллоннинг қонуний ҳамда самарали тақсимланишини назорат қилиш имконини бермоқда.
Бугунги кунда вилоятда суюлтирилган газдан фойдаланаётган истеъмолчилар сони 79 760 нафардан ортиқни ташкил этади. Йил бошидан бугунги кунга қадар аҳоли эҳтиёжлари учун 1 467 тоннадан зиёд суюлтирилган газ етказиб берилди. Газ таъминоти вилоятдаги 3 та асосий тўлдириш шохобчаси орқали амалга оширилмоқда. Уларнинг ойлик тўлдириш қуввати 1 800 тонна, сақлаш қуввати эса 185 тоннани ташкил этади. Шохобчалар бир суткада 79 тоннагача газни баллонларга тўлдириб бериш имконига эга. Баллонлар 21 та махсус автотранспорт воситаси орқали аҳолига белгиланган режа-жадвал асосида етказиб берилмоқда.

Шунингдек, филиал хусусий “Сирдарё Пропан ГНС” газ тўлдириш станцияси хизматларидан ҳам фойдаланиб, Сирдарё тумани ва Бахт шаҳри аҳолисини суюлтирилган газ билан ўз вақтида таъминлаш самарадорлигини оширмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, барча маиший газ баллонларига штрих-кодли стикерлар ўрнатилиб, истеъмолчилар ID-карталар билан таъминланди. Тизим доирасида махсус планшет қурилмаларига “E-gaz” дастури интеграция қилинган. Ушбу дастур орқали ҳар бир истеъмолчининг суюлтирилган газни қачон ва қанча миқдорда қабул қилиб олгани ҳақидаги маълумотлар реал вақт режимида қайд этилади.

Маълумотлар автоматик равишда смс-хабарнома орқали “Ҳудудгаз Сирдарё” филиалининг ягона ахборот базасига узатилиб, марказлашган тарзда сақланади ва таҳлил қилинади. Бу эса газ таъминоти жараёни устидан доимий мониторинг ўрнатиш, етказиб беришдаги узилишларни тезкор аниқлаш, ҳисоб-китобларда шаффофликни таъминлаш ҳамда истеъмолчилар кесимида аниқ статистик маълумот юритиш имконини яратади. Шу билан бирга, инсон омилини камайтириш, ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш ва хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга эришилмоқда.

Face ID технологияси орқали газ таъминоти жараёнидаги ҳар бир операция аниқ назорат қилинади. Натижада ҳисоб-китоб ва мониторинг тизими замонавий рақамли технологиялар асосида такомиллаштирилди, истеъмолчиларга ўз вақтида ва хавфсиз хизмат кўрсатиш таъминланди.
— Ушбу тизим нафақат соҳа ходимлари, балки истеъмолчилар учун ҳам жуда қулай ва ишончли механизм бўлиб хизмат қилмоқда, — дейди “Ҳудудгаз Сирдарё” филиали Маҳалла истеъмолчиларини суюлтирилган газ билан таъминлаш бўлими бошлиғи Баҳодир Абдумаликов.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири