Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Назм йўналишидаги учинчи жилд нашр этилди
11:45 / 2025-12-26

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими ташаббуси, вилоят ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида “Жиззах адиблари” китобининг назм йўналишига бағишланган учинчи жилди нашр этилди.

Ушбу тўплам Жиззах воҳасининг кўп асрлик адабий мероси ва замонавий ижодий жараённи ўзаро уйғун ҳолда намоён этгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

“Ижод нашр” нашриётида 1000 нусхада чоп этилган китоб Жиззах заминида шаклланган адабий муҳитнинг изчиллиги ва давомийлигини яққол кўрсатади. Тўпламдан жой олган асарлар орқали ўқувчи воҳа адабиётининг илдизлари, тарихи ва бугунги ривож йўналишлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.

Китобга XVI асрда яшаб ижод қилган Қози Поянда Зоминий – қози, шоир ва адабиётшунос олимнинг, шунингдек, XIX аср адабиёти намояндалари Махмур Коризий, Аламкаш, Муаззамхон каби адибларнинг сара ижод намуналари киритилган. Уларнинг асарлари орқали ўша давр руҳи, ижтимоий тафаккури ва бадиий қарашлари намоён бўлган.

Шу билан бирга, тўпламда бугунги кунда фаол ижод қилаётган жиззахлик ёш қаламкашлар ҳақида қисқача маълумотлар ҳамда уларнинг шеър ва асарларидан сара намуналар жамланган. Бу эса воҳа адабий муҳитининг узлуксизлигини таъминлаш, авлодлар ўртасида ижодий ворисийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Жиззах вилояти бўлимида мазкур китобнинг илк тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этган адабиётшунос олимлар, ижодкорлар ва адабиёт мухлислари Жиззах адабий муҳитининг ўзига хос жиҳатлари, тўпламнинг мазмун-моҳияти ҳамда унинг ҳудудий адабий жараёндаги ўрни ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдиришди.

“Жиззах адиблари” китобининг учинчи жилди воҳа адабий меросини асраб-авайлаш, иқтидорли ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва адабий жараённи тизимли тарзда тарғиб этиш йўлидаги муҳим маънавий қадам сифатида аҳамият касб этади. Ушбу тўплам нафақат адабиёт мухлислари, балки кенг жамоатчилик учун ҳам қимматли маънавий манба бўлиб хизмат қилади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири