Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Назария ва амалиёт уйғун бўлиши керак
13:00 / 2024-07-03

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида “Шўртан газ-кимё мажмуаси”, “Uzbekistan GTL” МЧЖлар ҳамкорлигида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 20 июнь куни муҳандислик кадрларини тайёрлаш тизимидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш омиллари, ўзгаришлар моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда “Шўртан газ-кимё мажмуаси”, “Uzbekistan GTL” МЧЖлари корхоналари билан ҳамкорликнинг янги истиқболларини амалга оширишга қаратилган битимлар имзоланди.

– Бу битимлар бир неча йиллардан буён давом этиб келаётган ҳамкорлигимизнинг янги босқичини бошлаб беради, – деди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори Орифжон Бозоров. – Бундай дейишимга сабаб, Президентимизнинг 2022 йил 7 июлдаги “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига кўра ёш олимларимизнинг илмий тадқиқот ишларини корхоналарнинг замонавий лабораторияларида амалга ошириш имкониятлари кенгайди. Талабалар амалиёти юксак савияда ташкил этила бошлади.  

Таъкидлаш лозимки, 2023-2024 йилларда институт талабаларидан 700 нафарининг амалиёти таълим кластери таркибидаги корхоналарда ташкил этилди. Ишлаб чиқариш корхоналарининг таклифлари асосида таълим йўналишларига 10 дан зиёд янги фанлар киритилди ва фан дастурлари такомиллаштирилди.

Корхоналарнинг малакали ходимларидан 20 нафари ўқув жараёнига жалб этилди, институт профессор-ўқитувчиларидан 28 нафарининг ишлаб чиқариш корхоналарида стажировкаси ташкил қилинди. Кластер корхоналари томонидан иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалиёт ва стипендия бўйича танловлар жорий этилди. Натижада институт талабаларидан 20 нафари "Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖ ва 5 нафари "Uzbekistan GTL" МЖЧ жорий этган стипендия танловлари ғолиби бўлди. 69 нафар талаба иш билан таъминланди. Институт профессор-ўқитувчиларидан 4 нафари Uzbekistan GTL компанияси томонидан ўтказилган “Энг фидойи устоз” танлови ғолиби бўлди.

[gallery-18111]

Таълим кластери таркибидаги "Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖ, "Uzbekistan GTL" МЧЖ, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси иштирокида 3 та амалий лойиҳа бажарилди. Корхоналар тадқиқотчилари ва институт ёш олимлари иштирокида таълим кластери муаммолари ва уларнинг ечимларига бағишланган 2 та илмий-амалий анжуман ўтказилди. Кластер таркибидаги корхоналардан 12 нафар ёш мутахассис илмий-тадқиқот ишларига жалб этилди ва мустақил изланувчиликка қабул қилинди. Институт ёш ўқитувчиларидан 6 нафари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари ходимларидан бир нафари техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлди.

Матбуот анжумани савол жавобларга бой бўлди. Тадбир иштирокчилари ўзларининг олий таълимдаги ўзгаришлар, дуал таълимнинг йўлга қўйилиши, илмий даражаларни олиш босқичлари, институтнинг китоб фонди, материалшунослик йўналишининг афзалликлари каби саволларига батафсил жавоб олди. Иштирокчилар Шўртан газ-кимё мажмуаси тарихи ва бугуни ҳақида сўзловчи музей фаолияти билан таништирилди.

Ўлмас Баротов,

Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари