Назарий тайёргарликнинг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган қадам
Республика транспорт соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича ягона сиёсатни белгилаб берувчи таълим хаби ташкил этилди.
“Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга ШАРҲ...
Республика транспорт соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича ягона сиёсатни белгилаб берувчи таълим хаби ташкил этилди.
Қарорга мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб 1-курс таълим йўналишлари учун таълимнинг кредит-модуль тизими жорий этилади. 2024 йилга бориб барча курслар кредит-модуль тизими билан қамраб олинади.
Университетни стратегик ривожлантириш масалалари бўйича ректорнинг биринчи ўринбосари лавозимига малакали хорижий мутахассис жалб қилиниши анъанавий ёндашувлардан воз кечиб, жаҳон тажрибасидаги илғор ечимлардан фойдаланиб, кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этиш ҳамда илмий салоҳиятни ривожлантириш, етакчи хорижий олий таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт соҳаси учун кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини яратиш, ўқув жараёнида назарий тайёргарликнинг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган қадам деб ҳисоблаш мумкин.
Ушбу қарор билан ташкил этилаётган университетга таълим йўналишларига ўзгартириш киритиш, ўқув режалари ва дастурларини, битирувчиларга қўйиладиган малака талабларини мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, “устоз-шогирд” тизими бўйича ишларнинг бажарилишини рағбатлантириб бориш, Scopus ва Web of Science каби маълумотлар базасига кирган халқаро илмий журналларда илмий мақолалар чоп этиш сарф-харажатларини молиялаштириш, етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш, амалий машғулотлар ҳажмини ошириш, ҳафтада бир кунлик амалиёт тажрибасини қўллаш каби ҳуқуқлар берилди.
Ўқув жараёнларини ташкил этиш, ижтимоий фаолиятни йўлга қўйиш мақсадида Университет ҳудудида 2020-2022 йилларда янги ўқув биноси, талабалар турар жойи ва ахборот-ресурс маркази бинолари қурилиши белгиланди.
Ўқувчилар орасида селекция ишларини ташкил этиш, интеллектуал қобилиятли ёшларни тайёрлаш учун Университетнинг академик лицейи ташкил этилди.
Темир йўл транспорти, авиация таълим йўналишлари талабаларининг келгусида меҳнат фаолияти хусусиятлари ва ўқув амалиёти, транспорт воситаси ҳаракати ҳамда инсонлар ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлганлиги сабабли ушбу йўналишларга ҳужжат топширувчи абитуриентлар учун ихтисослаштирилган тиббиёт комиссиясидан ўтиш тартиби сақлаб қолинди.
Университетда профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг меҳнат фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари (QPI) асосида баҳолаш бўйича рағбатлантириш механизми жорий этилади. Бунда кўп йиллик меҳнат фаолияти, масъулиятлилиги, халқаро илмий кўрсаткичлардаги ўрни каби параметрлардан келиб чиқиб, автоматлаштирилган мониторинг тизими натижалари асосида рағбатлантириш белгиланади. Бу ҳолат бевосита ҳар бир ходим, профессор-ўқитувчи учун энг муҳим мотивация бўлиб, таълимдаги самарадорликни таъминлаб беришга йўналтирилади.
Ривожланган мамлакатлар олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш орқали соҳага оид етакчи хорижий олий таълим марказлари ва илмий марказлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатилади, бакалавриат
ва магистратура йўналишлари бўйича “қўшма диплом”, академик мобиллик ҳамда ёзги мактаблар бўйича интеграциялашган инновацион таълим дастурларини ташкил этилади.
Университет профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳиятини йилма-йил ошириб бориш эвазига 2024 йилда 53 фоизгача етказиш белгиланди.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Германия тажрибаси асосида ўқув-амалиёт марказлари ва ишлаб чиқариш объектларида талабаларнинг амалий дарслари ва малакавий амалиётларини назарий ўқув жараёнидан узилмаган ҳолда, дарс жадвалига кўра ўтказиш механизми жорий этилади. Бунда дарс жадвалига асосан ҳафтанинг бир кунини амалиёт куни деб белгилаш орқали талабалар ишлаб чиқариш амалиёти самарали ташкил этилади.
Талабаларни буюртмачи ташкилотларга бириктириб, ўқишни якунлагунга қадар мазкур ташкилотларда малакавий амалиётни бўлажак иш жойларида ўташ тизими йўлга қўйилади.
Дилшод Баратов ,
Тошкент темир йўл муҳандислари институти проректори