Президент ташрифидан сўнг
Бугунги кунда юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш энг асосий масалалардан биридир. Бунинг учун аҳолига талаб юқори касбларни ўргатиш мақсадида техникумлар тармоғи ривожлантирилмоқда.
Ҳозирда Навоий вилоятида 25 та профессионал таълим муассасаси мавжуд бўлиб, уларда 12 минг нафардан зиёд турли ёшдаги аҳоли вакиллари касб-ҳунар ўрганмоқда. Уларга малакали педагоглар, 250 нафарга яқин ишлаб чиқариш усталари бириктирилган.
Шундай профессионал таълим муассасаларидан бири Навбаҳор туманидаги 2-сон политехникумидир. Айни пайтда техникумда 651 нафар ўқувчи 15 та касб ва мутахассисликлар бўйича таҳсил олмоқда. Уларнинг 293 нафарини битирувчилар ташкил этади.
– 2023-2024 ўқув йилида муассасамизни 161 нафар ўқувчи битириб, уларнинг 81 нафарининг бандлиги таъминланган, – дейди техникумнинг директор ўринбосари Элёр Сафаров. – 2025-2026 ўқув йилида эса 570 нафар ўқувчини қабул қилиниши режалаштирилган. Келгуси йилда жами ўқувчиларимизнинг 150 нафарини вилоятдаги иш берувчи корхоналар томонидан дуал таълим шакли асосида ўқитиш, ўқувчиларнинг амалий машғулотларини корхоналар томонидан ташкил этилган ишлаб чиқариш цехларида олиб бориш йўлга қўйилади.
Бу ерда ўқувчиларнинг касб эгаллашлари учун барча шароитлар мавжуд. Жумладан, 41 та ўқув ва лаборатория хонаси, 350 ўринли фаоллар ва спорт заллари, 100 ўринли ётоқхона ва ошхона ўқувчилар ихтиёрида. Мактаб битирувчилари ва турли ёшдаги фуқаролар учун кундузги, сиртқи, кечки ва дуал таълим йўлга қўйилган.
Энг муҳими, бу ерда касбларни амалиёт билан боғлашда вилоятдаги йирик саноат корхоналари билан келишувлар мавжуд. Жумладан, Навоий кон-металлургия комбинати томонидан пайвандловчи ва чилангар, “Навоийазот” АЖ кимёвий технология лаборанти, “Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖ электр монтажчи касбларига ёшларни мақсадли тайёрламоқда. Бунинг учун саноат корхоналари техникумда ўз бўлимларини очган. Ўқувчилар бир вақтнинг ўзида ҳам касб ўрганади ва бажарган ишига яраша маош олади.
Айни пайтда бу ерда дурадгорлик устахонаси, ногиронлиги бўлган шахслар учун қўл меҳнати билан миллий ҳунармандчилик буюмларини ясашга ўргатиш ўқув курслари, шунингдек, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси томонидан соҳа ходимларининг малакасини ошириш ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилган.
Шунингдек, тумандаги “Mengi Textile Group” ва “Navbahor Qorajon” текстиль корхоналари билан дуал ва қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилган. Хотин-қизлар етарли кўникмага эга бўлгач, тикувчилик цехларига ишга қабул қилинади.
– Мен ҳозирда мазкур техникумнинг 2-босқичида таҳсил олмоқдаман, – дейди Маржона Муҳаммадиева. – Техникумимиз бир қатор корхоналар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Амалиётни туманимиздаги текстиль корхонасида ўтадим. Ҳозирда таълим олиш билан бирга “Mengi Textile Group” корхонасида ишлаяпман. Маош оляпман. Ҳам ўқиб, ҳам ишлаш менга ёқяпти. Оиламга, ота-онамга ёрдамим тегаётганидан хурсандман.
Бугунги кунда политехникум раҳбарияти томонидан ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар рўйхатлари шакллантирилиб, талаб юқори бўлган касблар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилмоқда. Энг муҳими, бу курсларни тамомлаган ёшлар саноат корхоналарига ишга жойлаштирилмоқда.
– Политехникумимизда ташкил этилган қисқа муддатли курсларда таҳсил олган ўқувчиларимиз вилоятимиздаги саноат корхоналарига ишга жойлашмоқда, – дейди Э.Сафаров. – Жумладан, “Навоийазот” АЖ билан ҳамкорликда ташкил этилган “Кимёвий таҳлил лаборанти” касби бўйича 9 нафар ишсиз бўлган хотин-қизларимиз, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ билан ҳамкорликда ташкил этилган “Токарик ва пайвандловчи” касблари бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини тугатган 23 нафар ёш мутахассислиги бўйича ишга жойлашди.
– Мен жорий йилнинг декабрь ойида пайвандловчи касби бўйича курсни тугатдим, – дейди Бобоёр Аъзамов. – Тўғриси, Навоий кон-металлургия комбинати тизимидаги корхоналардан бирига ишга қабул қилинаман, деб кутмаган эдим. Эгаллаган касбим бўйича Навоий кон-металлургия комбинати тизимидаги 2-гидрометаллургия заводига ишга жойлашдим. Ҳозирда заводнинг тажрибали усталарига шогирд қилиб бириктирилганман. Устозимдан касбимнинг сир-асрорларини ўрганган ҳолда амалиётга татбиқ этяпман. Келгусида зўр пайвандловчи бўлиб, завод тараққиётига ўз ҳиссамни қўшишни хоҳлайман.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари Навоий вилоятига ташрифи чоғида мазкур техникумда ҳам бўлиб, бу ерда олиб борилаётган ишлар, таълим жараёни билан яқиндан танишган ҳолда ўз тавсияларини берган эди.
[gallery-21092]
Ташрифдан сўнг Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Механика-муҳандислиги ва Энергетика муҳандислиги факультетларининг кафедра мудирлари политехникумда бўлиб, бу ерда ўқитиладиган фанларнинг ўқув режаларини университет профессор-ўқитувчилари билан биргаликда тайёрлаш, ҳамкорликда эса дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмалар чоп этиш масалаларини муҳокама этишди. Шунингдек, ўқувчи ёшлар учун 12 соатлик маъруза дарс машғулотларини ўтказиш учун университет-техникум ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди. Бундан ташқари, республикамизнинг барча вилоят олий таълим, фан ва инновациялар бошқарма бошлиқлари ва профессионал таълим муассасалари директорлари ҳам техникумда бўлиб, амалга оширилаётган ишларни яқиндан ўрганди ва тажриба алмашишди.
Айни пайтда маҳаллалар билан биргаликда ишсиз фуқаролар, малакаси етарли бўлмаган, ишлаш истагидаги аёллар ҳам ўқишга жалб этилмоқда. Касбларни яхши эгаллаганлар корхоналарга ишга жойлаштирилади.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари