English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Назарбек қўрғонидаги йўл ўтказгич – янги кўприк фойдаланишга топширилди
13:20 / 2023-06-10

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, сектор раҳбарлари, мутасадди давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, туман фаоллари қатнашди. Таъкидланганидек, белгиланган режа-графикка кўра, кўприкнинг фойдаланишга топшириш муддати шу йил ноябрь ойига мўлжалланган эди. Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори, ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан лойиҳа муддатидан қарийб 6 ой аввал қуриб битказилди.

Назарбек шаҳарчасидаги 9 та маҳаллада 32 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Уларни бир неча йилдан буён қийнаётган муаммо эса ушбу ҳудуддан ўтувчи темир йўл ва автомобиль йўли кесишмасининг вақти-вақти билан ёпилиб туриши эди. Маълумки, 4Р253 автомобиль йўли билан кесишган темир йўлдан ҳар куни юк поездлари ўтиб туради. Поезд қатнови туфайли автомобиль йўли ёпилади, йўллар тўсилади. Баъзида тепловоз йўлни алмаштириб олиши учун қарийб 10 дақиқагача тўсиб қўйилади. Айниқса, эрталаб ва кечқурун йўлнинг ёпилиши натижасида Тошкент шаҳрига ишга келаётган ва ишдан қайтаётган аҳолининг автотранспортларидан иборат улкан тирбандлик ҳосил бўлади.

Ҳудуд аҳолисидан тушган кўплаб мурожаатлар натижасида Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Тошкент шаҳри – Туркистон Ш/Х – Қозоғистон Республикаси чегараси” автомобиль йўлининг 3 километридаги темир йўл устидан йўл ўтказгич қуриш” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу темир йўл ва автомобиль кесишмасида янги йўл ўтказгични темир йўл остидан тунель шаклида ўтказиш лойиҳаси бир оз мураккаб, лекин, натижаси самарали бўлди.

Мазкур кўприкнинг узунлиги 940 метрни, эни 20 метрни ташкил этиб, объектнинг умумий қурилиш-монтаж ишларига 113 миллиард сўм ажратилган. Ушбу йирик лойиҳанинг дастлабки қурилиш ишлари 2021 йилнинг сўнгги ойларида бошланган эди. Тажрибали мутахассислар қурилишнинг ҳар бир жиҳатини пухта ўрганиб, замонавий техникаларда ишлар бажарилди. Мустаҳкам темир-бетон пойдеворлари босқичма-босқич тайёрланди. Ер ости йўл ўтказгичининг пойдеворларида қурилиш ишлари 100 дан ортиқ тажрибали мутахассислар томонидан 20 дан зиёд замонавий техникалар жалб этилган ҳолда  олиб борилди.

Объектнинг тунель қисмида пойдевор қазиш ишларидан сўнг, бетонланди. 94 дона темир-бетон блоклари монтаж қилиниб, пойдевор қисми билан бириктириш ишлари олиб борилди. 12 та картада котлованларни қайта кўмиш ишлари амалга оширилди. Эндиликда замонавий кўприк маҳаллий аҳоли ва меҳмонларнинг анча вақтини тежайди. Қолаверса, автоуловлар тирбандлиги бартараф этилади.

А.Мусаев,ЎзА.