Сурхондарё вилоятида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан янгидан барпо этилган замонавий ижтимоий-иқтисодий соҳа иншоотларини фойдаланишга топшириш бошланди.
Бойсун туманидаги 6-умумтаълим мактаби ўқувчилари ва Шўрсой маҳалласи ёшларининг спорт билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган янги футбол майдони туҳфа қилинди.



– Маҳалламиз обод бўлиб, аҳолининг ҳаётидан рози бўлиб яшашига барча шароит яратилмоқда, – дейди меҳнат фахрийси Файзулло Ҳамдамов. – Яқинда Шўрсой сойи устида қурилган ҳашаматли кўприк фойдаланишга топширилган эди. Янги спорт майдонининг маҳалламизга ярашиб тургани ҳам кишини қувонтиради. Бу иншоот фарзандларимизнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказиб, жисмонан тобланишига хизмат қилади. Шу бугундан маҳалламиз ва қўшни Газа маҳалласидаги эллик ёшдан ошган спортга қизиқувчи инсонларни бирлаштириб, “Соғломлаштириш” гуруҳи ташкил этишни кўнглимга тугдим. Ахир, бундай шароитдан унумли фойдаланиб, жисмонан чиниқишнинг саломатлик учун нафи бошқача бўлади-да.



Наврўзи олам шукуҳи эсаётган шу кунларда фойдаланиш учун топширилган замонавий спорт майдони “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ўтган йил иккинчи босқичининг 655 миллион сўм маблағи эвазига қад ростлади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири