Бухоро шаҳридаги “А.Фитрат” маҳалла фуқаролар йиғинида депутат Баҳодир Маъмуров ташаббуси билан умумхалқ байрами Наврўзи олам кенг нишонланди.
Байрам тантанасида маҳалла раиси Гулсина Закирова бошчилигида маҳалла ходимлари, маҳалла фаоллари, Киев давлат миллий университети профессори Александр Безносюк, юрт равнақи, тинчлиги, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фидокорона меҳнат қилган фахрийлар, нуронийлар ҳамда ёшлар қатнашди.


– Юртимизда айни кунларда табиат уйғониб, гўзал диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келди, – дейди депутат Баҳодир Маъмуров. – Айниқса, тинчлик ва соғлиқни улуғлайдиган, ҳаётни, яшариш ва янгиланишни шарафлайдиган байрам — Наврўзнинг бу йилги қадри ўзгача. Наврўзнинг бутун моҳиятида халқимизнинг эзгуликпарвар қалби намоён бўлади. Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда. Маҳалла аҳли билан бу йилги Наврўз байрамини катта кўтаринкилик билан ўтказдик. Сайловчиларимизнинг кайфияти байрамона.


Байрам дастурхонида миллий таомлар палов, сумалак тортиқ қилинди.
Тадбир давомида янграган куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки руҳ бағишлади. Тадбир якунида маҳалла фаолларига ташаккурномалар топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА