Ўзбекистон давлат консерваториясида “Наврўз садолари” миллий чолғулар, кўп овозли ансамбль ва оркестрлари Х Халқаро фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон давлат филармонияси бош директори Aнвар Тожибоев, Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада институти ректори Аваз Мансуров бундай ижодий лойиҳалар мусиқа санъатимизни янада ривожлантиришда катта аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Дарҳақиқат, бундай фестиваллар янгидан-янги истеъдод соҳибларини кашф этишга йўл очиб бериши, ижодкорлар ўртасидаги ижодий мулоқотнинг кенгайишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Фестиваль дастурига кўра, 25-26-март кунлари барча жамоаларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилади. Мазкур тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари ҳамда мамлакатимизнинг кўплаб ансамбль ва оркестрлари иштирок этмоқда.
Унинг доирасида миллий чолғулар кўргазмаси, дирижёрлик ва чолғу ижрочилиги бўйича маҳорат сабоқлари ҳам ўтказилади.
Шунингдек, 26 март куни Ўзбекистон давлат филармонияси қошидаги “Сўғдиёна” камер оркестри ва Германия давлатидан ташриф буюрган Bad Vilbel камер оркестри иштирокида “Дўстлик кўприклари” қўшма концерти ҳам ташкил этилади.
27 март куни эса ғолибларни тақдирлаш ва якуний гала-концерт бўлиб ўтади.
Н.Усмонова, ЎзА