Болалигимда Наврўзни кутишим бошқача эди, бу байрамнинг қувончи ва сурури ўзига хос эди. Катта ҳовлида, супанинг четидаги дарахт остига қўйилган каравотда бирин-кетин уйғонган болалар, бувимнинг олдига югуриб борар, у ҳар биримизга тайёрлаган кулчаларини узатарди. Кулчаларни ариқ сувига солиб ейишнинг ўша пайтлардаги гашти ўзгача эди.
Наврўзда ҳар биримиз янги либослар билан сийланардик. Маҳалламизда ўтказиладиган сумалак сайли, болалар учун ҳақиқий байрамга айланарди. Дошқозонларда палов, мошкичири тайёрланар, ерга гилам ёйилиб, дастурхонга кўк сомса, чучвара каби миллий таомлар тортиларди.
Кўчада "Соққа ошиқ", "Ёнғоқ", "Ҳаппак", "Икки белбоғ", арқон тортиш, "Оқ теракми, кўк терак", "Арғимчоқ", варрак учириш, чиллак ва бештош каби ўйинлар бошланарди. Сумалак сайли ярим тунга қадар давом этарди. Биз болалар, ухламасликка ваъда бериб, уйқу келса, кўзларимизни ишқалаб катталарнинг суҳбатига қулоқ тутардик, қозон тагида ёнаётган оловга термулардик.
Ўша даврлар энди хотирага айланди, гўё қозон тагига ташланган ўтиндек, тезда ёнди-ю, ўчди...
Эҳтимол, шоир ўзининг шеърларини ёзар экан, қалбида мен каби соғинчни ҳис қилган бўлса керак.
Ёзмаймиз гоҳида онамизга хат,
Тош дилдан излаймиз меҳр, муҳаббат,
Яқинлар дийдори учун топмай вақт,
Ўткинчи дунёдан ўтиб борамиз.
Яшаймиз доимо қайгадир шошиб,
Тин олмоқ йўқ асло довонлар ошиб,
Беш кунлик умрда мансаб талашиб,
Ўткинчи дунёдан ўтиб борамиз.
Наврўз (форс тилидан "Янги кун" деб таржима қилинган) баҳорнинг келиши, ҳаётнинг янги босқичи бошланишининг рамзи ҳисобланади. Мана, яна ўша кун келди, янги кунлар бошланмоқда. Яқинда болалигим ўтган маҳаллага бордим. Маҳалланинг ҳар бир қарич еридан ўзимни, болалигимни изладим. Афсуски, бувимни, бобомни, қўшнимиз Мингнор холани, Зубайда холани, Бўрибой амакини, Абдуллоҳ тоғани ва кўча чангитиб ўйнаётган болаларни топа олмадим. Бизнинг ўйнаган кўчалар энди йўқ, пастаккина уйлар ўрнини замонавий хонадонлар эгаллаган.
Мана, мени бағрида улғайтирган ҳовли. Аммо энди бувимнинг ўша райҳонлари йўқ. Бувимнинг хонасига секин яқинлашаман, лекин ичкарига киришга юрагим дов бермайди. У ерда, мен излаган, мен қумсаган дийдор йўқ. Қадам ташлашга куч тополмайман. Секин эшик ортидан овоз бераман: "Бувижон, мен келдим", деб соғиниб. Аммо эшик ортидан ҳеч қандай садо эшитилмайди. Буви, дея ичкарига мўралайман. Юрагим соғинчдан гуп-гуп уради. Бувижон, яна бир марта Наврўзни нишонлайлик...
Юртимизда Наврўз байрами шукуҳи ҳукм сурмоқда. Бу байрам эртанги кунга бўлган умид ва ишончни янада мустаҳкамлайди. Ҳар бир мўмин киши ҳаётида кўпроқ савоб қозонишни истайди. Энг муҳими эса силаи раҳм – ота-онага ва яқинларга меҳр-оқибатли бўлишдир. Наврўзни соғинганларингиз даврасида нишонланг. Зеро, дийдор ширин, вақт эса ғаниматдир!
Муҳайё Тошқораева, ЎзА