Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Наврўз – кўп миллатли халқимиз байрами» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий матбуот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирда қўмита ахборот хизмати бошлиғи Ғайратулла Шукуров йиғилганларни байрам билан қутлаб, қўмита фаолияти ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, мазкур қўмита 2017 йил 19 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига биноан Республика байналмилал маданият маркази ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида ташкил қилинган.
Анжуманда Республика тожик миллий маданий маркази раиси ўринбосари Насиба Зайнуддинова ҳамда Ўзбекистон туркман миллий маданий маркази раиси Гулдона Авездурдиева Наврўз байрамининг шу миллатга хос фазилатлари ҳақида маълумот бердилар.
Айни пайтда мамлакатимизда этник ўзига хослиги, тили, урф-одати ва анъаналарини ҳар томонлама ривожлантириш ва бойитиш бўйича тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлган 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона оила бўлиб, дўстлик ва иноқликда ҳаёт кечирмоқда.
Ҳозирда мамлакатимизда 151 та миллий маданий марказ, 36 та дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда. Наврўз айёмини барча миллат ва элат вакиллари катта тараддуд билан кутиб олади
Анжуманда таъкидланганидек, қўмита томонидан тузилган режа асосида 21 март куни Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар байрам тадбирларида ўз концерт дастурлари билан иштирок этади.
Наврўз – наинки ўзбек халқи, балки Осиё халқлари томонидан ҳам неча минг йиллардан бери кенг нишонланиб келинадиган йилнинг энг асосий байрамларидан биридир. БМТ Бош ассамблеяси 21 март санасини Халқаро Наврўз куни деб белгилаган ва барча мамлакатларни ушбу қадимий байрамни бутун дунёда оммалаштиришга ҳисса қўшишга чақирган.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА