Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наврўзи олам сурхондарёликларга ўзгача шукуҳ, шоду-хуррамлик бағишламоқда
12:21 / 2023-03-22

Сурхондарё вилояти аҳлига халқимизнинг энг қадимий байрами Наврўзи олам бу йил ўзгача шукуҳ, шоду-хуррамлик бағишламоқда.

Маҳалла ва қишлоқларда байрам сайллари давом этаётир. Жойларда янги иншоотларга тамал тоши қўйилиб, улкан бунёдкорлик ишлари бошланмоқда. Меҳр-оқибат, хайр-саховат, бағрикенглик сингари юксак инсоний фазилатлартларимиз кенг намойиш этилиб, эҳтиёжманд оилаларга моддий-маънавий кўмак берилмоқда. Ҳомийлик асосида кам таъминланган оилалар фарзандларининг тўю-томошалари ўтказилаётир.

Йирик лойиҳага тамал тоши қўйилди

Шарқона Янги йилнинг дастлабки куни Бойсун туманидаги “Нарзи қушбеги” хусусий корхонаси улуғ эзгу ниятлар билан қиймати 47 миллиард сўмлик 50 ўринли меҳмонхона, 150 ўринли ресторан, ҳунармандлар маркази, спорт клуб, 10 та ўтов уйи, миллий саҳна, фаввора, бассейн ва автотураргоҳни ўз ичига олган йирик лойиҳани бошлади.

Шу муносабат билан Бибиширин маҳалласида бўлиб ўтган тантанали тадбирда туман мутасаддилари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирок этди.

Пурвиқор тоғлар қўйнидаги сўлим Бойсун қадимий воҳанинг туризм ва миллий ҳунармандчилик ривожланган ҳудудларидан бири саналади. Туманнинг “ўсиш нуқтасида” бу икки соҳанинг алоҳида ўрни бор. Сўлим табиати, археологик ёдгорликлари, шифобахш булоқ сувлари, муқаддас қадамжолари, аждодлардан мерос қолган нафис ҳунармандлик буюмлари билан шуҳрат қозонган. “Нарзи қушбеги” хусусий корхонаси барпо этадиган янги иншоотлар ҳудудга маҳаллий ва дунёнинг турли давлатларидан келаётган сайёҳлар учун сифатли хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Миллий ҳунармандликни янада юксалтиришни мақсад қилган замонавий лойиҳанинг амалга оширилиши 80 та янги иш ўрни яратиб, йилига юздан ортиқ йигит-қизга нафис ҳунармандлик сирларини ўргатади.

Наврўз янги уйларда нишонланди

Вилоят раҳбари воҳада иш бошлаган илк ҳафталарда ҳудудлардаги кўп қаватли уйлар ва яратилган шароитларни ўрганиб, мутасаддиларга турар-жойларни тез, сифатли таъмирлаш ва аҳолига қулай шароитлар яратиш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди. Термиз шаҳри, Ангор, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон ва Жарқўрғон туманларида таъмирланиб, қиёфасини ўзгартирган кўп қаватли уйлар халқимизнинг кўп минг йиллик тарихга эга Наврўз байрамига ажойиб туҳфа бўлди.

Ўтган қисқа даврда вилоятдаги 1991 йилгача қурилган кўп қаватли уй-жойларнинг 377 таси мукаммал таъмирланиб, 400 дан ортиғида фасад қисми бўялди, замонавий кўриниш берилди. Кўп қаватли уйлар олдида 5 минг квадрат-метр бетон йўлакчалар ва автотураргоҳлар барпо этилди. 17 та болалар майдончаси, 8 та тандирхона ва ўнга яқин санитария-гигиена шохобчаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, 200 дона тунги ёритгич ўрнатилиб, 560 та фрамуга, 120 та темир эшик қўйилди. Юздан ортиқ ноқонуний қурилма бузиб олиниб, атрофи ободонлаштирилди. Кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларда 80 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, гуллар экилди.

Маълумотларга кўра, воҳадаги 1 минг 589 та кўп қаватли уйда 37 минг 890 хонадон мавжуд бўлиб, уларга 32 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатади. Таъмирланган кўп қаватли уйларни фойдаланишга топшириш маросимларида байрам дастурхонлари ёзилиб, ош тарқатилди. Нуроний отахон ва онахонлар дуога қўл очиб, Ватанимизга тинчлик, юртимизга ободлик, хотиржамлик тилади. Уйларни таъмирлаб, қиёфасини ўзгартиришда бошқаларга ўрнак бўлган қурувчилар ва кўнгилли ҳашарчилар вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Қумқўрғонда минг нафар ишсиз хотин-қиз ишли бўлмоқда

Қумқўрғон туманидаги “Бегойим нафосат гуллари” хусусий корхонаси 10 миллиард сўм субсидия маблағи эвазига ҳунармандчиликни ривожлантириб, тумандаги минг нафар ишсиз хотин-қиз бандлигини таъминлаш лойиҳасини амалга оширмоқда. Замонавий ҳунармандчилик комплексида хотин-қизлар тикувчилик, ҳайкалтарошлик, юмшоқ ўйинчоқлар, изалонли гул, қолипли гул ясаш, қандолатчилик ва зардўзлик билан шуғулланади.

Баҳор, яратиш ва яшнатиш айёми шоду-хуррамлик билан нишонланаётган шу кунларда 500 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланадиган бўлди. Янги марказга субсидия асосида ажратилган 500 дона жиҳоз ва асбоб-ускуналар топширилди.

Халқимизнинг қадимий байрами ўзида шукроналик, меҳр-оқибат, хайру саховат, бунёдкорлик ва бағрикенглик сингари юксак инсоний ғояларни мужассам этган Наврўзи олам юртимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланмоқда.

Байрам шодиёналари тўйларга уланди

Улуғ айём муносабати билан вилоятда кенг қулоч ёзган бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари ижтимоий муҳофазага муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларининг суннат тўйларига уланди.

Шўрчи туманидаги Хайрабод маҳалласида яшайдиган 22 нафар эҳтиёжманд боланинг суннат тўйи ҳам миллатимизга хос меҳр-оқибат, саховатпешалик ва бағрикенглик каби юксак хислатларни кенг намоён этди. Пиру-бадавлат нуронийлар тўй болаларни табриклаб, уларнинг Ватанга содиқ, чуқур билимли фарзандлар бўлиб камолга етишини тилади. Тўкин дастурхон ёзилиб, ош тарқатилди. Совғалар, тўёналар берилди. Тўкин дастурхон ёзилиб, ош тарқатилди. Санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури, тўй болаларнинг қувончу-шодликлари, жозибали рақслар даврага ўзгача файз, тароват бағишлади.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.

Вилоятда Наврўз байрамига бағишланган бунёдкорлик, яратувчанлик, хайр-саховат тадбирлари давом этмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири