Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наврўзи олам байрами давом этмоқда
20:23 / 2022-03-26

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани тоғли ҳудудда жойлашгани боис эрта баҳор ҳудуднинг қир адирлари, тоғ ёнбағирларига ўзгача фусун бағишлайди.

Байрам муносабати билан туман марказидаги сайилгоҳда миллий таомлар кўргазмаси намойиш этилди. Таомлар орасида ҳудуд аҳолиси томонидан “Тобатошнон” деб аталувчи нон эътиборимизни тортди.  Деҳқонобод тумани тоғли ҳудуд бўлгани боис одатлари бўлакча. Одамлар қадриятларини асрлардан асрларга олиб ўтади. Ушбу нон бошқаларидан очиқ ҳавода қиздирилган тош устида пиширилиши билан ажралиб турар экан.

– Бундай нонлар тоғли ҳудуд аҳолиси томонидан ҳозиргача тайёрланади, – дейди тумандаги Чуччиқудуқ МФЙ фаоли Ҳанифа Алламуродова. – Боиси қадимда тошлоқ ерда яшаган аҳоли тандир қилиш учун тупроқ топишга қийналган, бундан ташқари, ердан қазишни ҳам имкони бўлмаган, шунинг учун ясси тошга ишлов берилиб, това шаклида ўзига хос нон пиширадиган “ускуна” ясалган. Унинг остидан олов ёқилган. Қизиган тошга ноннинг олди ва орқа томони пишириб олинган. Кўпроқ тоғларга чиқиб кетган чўпонлар шу усулда нон пиширган.

[gallery-6316]

Албатта биз ушбу нондан татиб кўриш бахтига муяссар бўлдик. Таъми ростдан ўзгача. Ҳанифа Алламуродованинг таъкидлашича, тобатошнон витамин ва мениралларга бой бўлиб, уни доимий истеъмол қилиб юрган киши қувватли бўлар экан. Сабаби бундай нонларни тайёрлаш жараёнида, хамирга куйдирилган қўй ёғи, пиёз ва ҳатто ҳар хил кўкатлар ҳам қўшилади.

Байрам сайли тумандаги ёшу қарига бирдек хуш кайфият бағишлади. Айниқса пойтахтдан келган таниқли санъаткорларнинг чиқишлари уларда катта таассурот қолдирди. Тадбир доирасида катта кўпкари мусобақаси ҳам уюштирилди. Вилоятнинг барча ҳудудларидан келган чавандозлар улоқ тортишди. Катта зотлар қўйилди. Шунингдек, байрам муносабати билан туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ходимлари томонидан 10 та ногиронлиги бўлган, кам таъминланган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Байрам сайлида туман ҳокими Зойир Алиқулов иштирок этиб, туман аҳлини Наврўз билан табриклади.

Ўлмас Баротов, ЎзА
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.