Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наврўз – яшариш фасли
12:50 / 2021-03-17

Дилларга ўзгача қувонч, она табиатга файзу тароват олиб, диёримизга яшариш фасли – Наврўз қадам қўймоқда. Бу байрамнинг тарихи қандай, у қай тарзда нишонланади?

Тўрт фаслни-да тенг ва бетимсол қилиб юртимизда баҳорнинг эрка бир шукуҳ, тоза нафаслари ила соғинтириб келиши ўзгача гўзал. Қаҳратон қаҳрини синдириб, аямажуз совуғини юмшатиб, қор кўрпасини кўтариб, чечакларнинг кулиб туриши, қирларда бодомларнинг гуллаши тирикликка Янги кун кириб келаётганидан хабар беради. Тупроқлар тупида илдизлар тўлғанади, томирларда, новдаларда ҳаёт уйғонади. Кўкараётган ҳар бир майса, ҳар бир гиёҳда яшашга, яшаришга даъват бордай. Наврўз – гўзаллик, тириклик ва уйғониш фасли. Шоирлар тасвирлаганидек, наинки кунларда ва туйғуларда яшариш, балки қадим юртда қайта қад ростлаётган она Туркистонда ҳам янгиланиш, камол топиш бошлангандай.

Наврўз қадимдагидек шартли равишда икки қисмдан иборат, биринчиси – меҳнат билан боғлиқ бўлган тадбир ва чоралар бўлса, иккинчиси – кўнгил очар, ҳордиқ чиқариш, эстетик завқ олишга бағишланган ўйин-кулгу, томошали тадбирлардир.

Наврўзнинг биринчи қисмида боғ-роғлар тартибга солиниб, далаларни экишга тайёрлаш, ариқ-зовурларни тузатиш, уруғлик, ўғит ва кўчатларни ҳозирлаш, дала шийпонлари, асбоб-ускуналар ва бошқаларни кўздан кечириш юмушлари бажарилиб, шаҳар жойларда эса йўлка ва хиёбонлар, кўча-кўй, жамоатчилик фойдаланадиган жойлар (чойхона, болалар боғчалари, мактаблар, стадион, спорт майдончалари, гузарлар), ҳовли-жойлар тартибга келтирилади, умуммаҳалла ҳашарлари ўтказилади. Бунда, айниқса, уйда эркаги йўқ, бева-бечораларга сидқидилдан ёрдам берилади. Шаҳар ва қишлоқларда мозорлар, тарихий-маданий ёдгорликлар, дов-дарахтларга қаралади. Уй кўтарилиб, хонадонлар покланади ва ҳоказолар.

Иккинчи қисм ўйин-кулгу, спорт мусобақаларидан ташкил топади. Лола сайли, аскиябозлар гурунги, полвонлар беллашуви ва дорбозлар, қизиқчилар томошалари, лапар, ашула ва рақс конкурслари, тез айтиш ва топишмоқ ўйнаш, оловдан сакраш, улоқ, от пойгаси ва бошқа халқ ижодиётининг намуналари Наврўзга ҳусн бағишлайди, байрам қатнашчиларига эстетик ҳузур беради.

Ҳалим, сумалак Наврўзнинг гултожидир. Ҳаётбахш кўклам таомларини тайёрлаш жараёни, қозон бошида “ сеҳргарлик” қилаётган отахонлар (ҳалимда), онахонлар ( сумалакда) ва бошқа ёш-яланглар, туни билан мижжа қоқмай чиққан сипо “ҳалимчи” ларнинг сирли ҳаракатларию “сумалак”чиларнинг ўйин-кулгу, лапарлари, айтишувлари – буларни сўз билан таърифлаш қийин.

Наврўз нима учун айнан 21 мартда нишонланади? Янги йил байрами нишонланишининг сабаби нимада деган саволлар туғилиши табиий.

Григорян тақвимидаги 1 январда бошланадиган Янги йил билан Наврўзни солиштириб кўрсак, биринчиси шартли равишда нишонланишининг гувоҳи бўламиз. Ҳақиқатан, 1 январь қиш фаслининг ўртаси, табиат уйқуда, ҳали табиатда ҳеч қандай ўзгариш йўқ.

Дунёда март, апрель, май ойларини шартли равишда баҳор фасли деб аташ қабул қилинган. Бироқ табиат қонунига кўра, бу фасл Ернинг Шимолий ярим шарида баҳорги кеча билан кундуз тенг келган ёзги қуёш турғунлигича давом этади. Бу 20-21 мартдан 21-22 июнгача бўлган фурсатдир. Нақл қилишларича, баҳорнинг ўша биринчи кунида ер остида ётган илонлар ҳам бир ағдарилиб олар эмиш. Бу чиндан табиатнинг, Она Ер бағридаги жами жонзотнинг, қурт-қумурсқалар ва ўт-ўланларнинг уйғониш, жонланиш давридир. Шунга кўра, Марказий Осиё ва Шарқ халқларининг талай қисми 21 мартни қадимдан Наврўз (Янги кун–янги йил) деб байрам қиладилар.

Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида Қуёш йили ҳисобида йилнинг биринчи ойи ҳисобланган фарвардин тўғрисида сўзлаб “Бу ойнинг биринчи куни бўлиб, унинг форсча номи ҳам шу маънони тақозо этади. Наврўз эронликлар зижлари бўйича ўтмиш замонларда улар йилларини қабисали қилган вақтларда Қуёшнинг саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорда келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунча, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ҳайвонларда (шаҳват) қўзғалишидан то насл вужудга келгунча ва ўсимлик униб чиқа бошлаганидан такомиллашгунича давом этган вақтда келади. Шунинг учун Наврўзи оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган” деб ёзади.

Демак, Беруний “орқага сурилгач” деган иборада Қуёшнинг Ҳамал буржига кириши, кеча билан кундузнинг баробар келиши – 22 мартга ўтиш вақтини назарда тутади. У Наврўзнинг борлиқ-табиат қонуниятига мувофиқ ҳолатини асослабгина қолмай, у билан боғлиқ бўлган турли маълумот ва ақидаларни ҳам баён этган.

Ана шулардан кўриниб турибдики, Наврўзнинг Янги йил сифатида, Янги йилнинг биринчи куни сифатида нишонланишида табиат қонунларига, фалакиёт қонунларига амал қилинган.

Наврўз тантаналари доимо деҳқончилик, ҳунармандчилик, санъат ва жисмоний баркамолликнинг ҳам ўзига хос намойиши бўлиб келган. Халқ сайлларида ҳунармандлар ўзлари ясаган ажойиб ашёларини, пазандалар ширинлик ва анвойи таомларини, полвон ва чавандозлар куч-қувват ва маҳоратини, чаққонликларини намойиш этганлар, қизлар ва келинчаклар Наврўз тантаналарига атаб махсус либослар, кашта ва рўмоллар тикканлар, уларга гул нақшларини туширганлар.

Наврўзи олам ҳозирги кунда ҳам ўз тароватини нафис жозибасини йўқотгани йўқ. Аксинча, Наврўз янги замонавий маросим расм-русумлар билан бойиб, тобора гўзаллашиб, халқимизни янада кўпроқ хушнуд этиш учун мамлакатимизда эркин, шунга мос вазият вужудга келмоқда. Бу мустақилликнинг мевасидир.

Янги йилингиз муборак бўлсин, ҳой бобо!

Янги йилингиз муборак бўлсин, ҳой момо!

Янги йилингиз муборак бўлсин, ҳой она!

Бойчечак чиқибди, бугун Наврўз экан!

Ҳой, боғбон бобо, ниҳолга берсин барака!

Ҳой, деҳқон бобо, далангга берсин барака!

Ҳой, чўпон бобо, қўрангга берсин барака!

Бойчечак чиқибди, бугун Наврўз экан!

                                                                                                                                              

Шавкат Миралимов,

тарих фанлари номзоди, Ўзбекистон Миллий

университети журналистика факультети доценти