Баҳорий байрам – Наврўз нафақат мамлакатимизда балки, бутун дунё бўйлаб нишонланди. Жумладан, Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Вена шаҳрида уюштирилган тантанали кеча йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
“Society” журнали ҳамда Афғонистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ироқ, Эрон элчихоналари ҳамкорлигида Венадаги “Хофбург” саройида ташкил этилган тадбирда Австриянинг Европа ва ташқи ишлар федерал вазирлиги расмийлари, сиёсий, илмий-академик ва бизнес доира вакиллари, Вена шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ходимлари ва ватандошларимиз – жами 300 дан зиёд киши иштирок этди.
Анжуманнинг расмий қисмида дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари ушбу баҳор айёмининг тарихи ва аҳамияти, ўз давлатларидаги урф-одат ва анъаналар, расм-русумлар тўғрисида гапиришди.

Хусусан, мамлакатимиз элчиси Бахтиёр Ибрагимов йиғилганларни қутларкан, Наврўз Ўзбекистонда кенг нишонланишини таъкидлаб, диёримизнинг туристик салоҳияти ҳақида ҳам маълумот берди. Шунингдек, барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларга тўхталиб, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган йўналишлар, асосий мақсадлар билан ўртоқлашди.
Маданий қисмда концерт дастури намойиш этилди, иштирокчилар ўзбек палови, сомса ва бошқа миллий таомларимиздан баҳраманд бўлишди.
***
Таиландда ҳам байрам “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” шиори остида нишонланди.
Бош консулхонамизда сиёсий, маданий ва ишбилармон доира вакиллари ҳамда ватандошлар иштирокида ташкил этилган маданий-маърифий тадбирда яшариш ва янгиланиш айёми – халқимизга хос дўстлик, яхши қўшничилик, тинчликсеварлик каби олижаноб қадриятларни ўзида мужассам этган Наврўз ҳақида атрофлича маълумот тақдим этилди. Бундан ташқари Ўзбекистон ва Таиланд, шунингдек мазкур консулликка қарашли Камбожа, Лаос ва Мьянма давлатлари билан муносабатни сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш, ўзаро фуқаролар ташрифини енгиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ахборот тақдим этилди.
Миллий таомларимиз билан бойитилган ифторлик дастурхони ёзилди.
***
Ўмонда Наврўз айёми муносабати билан ташкил қилинган байрам тадбирига ушбу мамлакатда доимий ва вақтинча яшаётган ватандошларимиз қатнашди. Иштирокчиларга жамиятимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасидаги муҳим ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
Султон Кобус университети профессори Эркинжон Каримов охирги етти йил давомида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар барча жабҳада самара бераётганини қайд этди.
Ўмондаги ҳамюртларимиз билан келгусида ўзбек миллий маданияти ва тарихи ҳамда туризм салоҳиятига оид турли тадбирларни биргаликда ташкил этишга келишиб олинди.
Г.Сатторова,
ЎзА