English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган танлов ғолиблари аниқланди
17:55 / 2022-04-13

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилган “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” шиори остидаги танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2022 йил 17 февралда қабул қилинган “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар юзасидан ташкил этилган ушбу танлов “Энг яхши ижтимоий ролик”, “Энг яхши шеър ижроси” (видеоматериал шаклида) ҳамда “Энг яхши фотосурат” номинациялари бўйича ўтказилди. 

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Асаджон Ходжаев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Шерзодхон Қудратхўжа мамлакатимизда ёшлар тарбияси долзарб аҳамиятга эга масала эканини таъкидлади. 

“Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” шиори остидаги ушбу танловда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган юртимиз фуқаролари қатнашган бўлиб, тақдим этилган ижодий ишлар @Navruz2022_tanlov_bot телеграм-боти орқали 2022 йил 25 мартгача қабул қилинди. 

Танловда 715 нафар ҳамюртимиз қатнашди. “Энг яхши ижтимоий ролик” номинацияси бўйича 265 нафар қатнашчидан 310 та, “Энг яхши шеър ижроси” (видеоматериал шаклида) номинацияси бўйича 153 нафар иштирокчидан 188 та, “Энг яхши фотосуратлар” номинацияси бўйича 297 нафар иштирокчидан 2 минг 500 та, жами 3 мингга яқин ижодий иш келиб тушди. 

Тақдим этилган ҳар бир материал ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан мавзунинг долзарблиги, Наврўз умумхалқ байрамининг ижтимоий аҳамияти, мамлакатимизда “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида миллатлараро дўстлик, тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, халқимиз ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар қай тарзда очиб берилганига қараб баҳоланди. 

Келиб тушган ишлар танлов шартларида белгиланган талаблар асосида кўриб чиқилди. Ижодий ишларнинг 2485 таси мазкур талабларга жавоб бермаслиги аниқланди. Танловда ғолиб деб топилган ёшлар тантанали тарзда тақдирланди. 

– Мен ушбу танловда Абдулла Ориповнинг “Сен баҳорни соғинмадингми?” шеърини ўқидим, – деди Навоий вилоятидан келган Акмарал Жарбосинова. – Аслида Зулфияхоним, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ижодини жуда севиб ўқийман. Бу танлов адабиётга бўлган қизиқишим, меҳримни янада кучайтирди. 

Тадбирда ғолибларнинг ижодий ишларидан намуналар намойиш этилди. 

[gallery-6611]

Назокат Усмонова,ЎзА