Наврўз баҳорнинг, ранг-баранг ҳаётнинг бошланиши, табиатнинг уйғониш палласи, қушлар куйлй бошлаши, вақтнинг алмашиш чоғи, Яратганнинг табиатга донишмандларча нигоҳ ташлаши фурсатидир.
Азалдан Шарқ халқлари Наврўз ва баҳорнинг кириб келишини байрам қилишган. Умар Ҳайём Нишопурий «Наврўзнома» асарида Наврўзнинг вужудга келиши ва нишонланиши тўғрисида шундай ёзган:
Наврўз йил алмашиши билан боғлиқ тарзда вужудга келган бўлиб, ҳар уч юз олтмиш беш кун-у чорак суткадан кейин келадиган баҳор фаслининг биринчи кунидир. Қадим замонларда подшоҳ Жамшид бу кунни англаб етганидан кейин Наврўз (Янги кун) деб номлади. Шундан сўнг подшоҳлар ва бошқа одамлар унга эргашиб, кейинги йил Наврўзгача ҳаётимиз шодлик ва вақтичоғликда ўтсин, деган ниятда бу кунни байрам қилишга одатланишди.
Шунга кўра, Наврўз байрами олам аҳлининг қувонч, умид, муҳаббат, дўстлик, меҳрибонлик, соғлик, фаровонлик, донишмандлик, тинчлик, якдиллик ва осойишталик билан кечувчи ҳаётининг гўзал бир рамзидир.
– Эронликлар Наврўзни табиат уйғониши, боғ-бўстон яшнаши ҳамда халқ қувончи ва умидининг бошланиш палласи, деб билишади, — дейди Эрон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Наййирободий. — Инсон Наврўзда табиат яшнаши билан уйғун тарзда янги кийим кийиб, янгича руҳият ва нигоҳ билан янги ҳаёт бошлаши керак. Бу тўғрида Низомий Ганжавий «Ҳафт пайкар» асарида шундай деган:
Жома нав кун, ки фасли Наврўз аст.
Мазмуни: Кўйлагингни янгилагин, чунки Наврўз кириб келди.
Ўтмишда мавжуд Наврўз билан боғлиқ урф-одат, анъаналардан айримлари бугунгача сақланиб қолган, баъзилари давр тўзонида йўқ бўлиб кетган.
Эронда Наврўздан олдин «чаҳоршанбасурий» («чоршанба кунги байрам») номли удум бор. Бунда одамлар Наврўздан олдин келадиган сўнгги чоршанбада оммавий томоша ва ўйинлар ўтказиш орқали Наврўзга пешвоз чиқишади. Бундан ташқари, Наврўздан кейин нишонланадиган «сиздаҳ бэ дар» («ўн учинчи куни ташқарига чиқ») удуми ҳам мавжуд бўлиб, оилалар эронча янги йилнинг биринчи ойи бўлмиш фарвардин ойи ўн учинчи куни (бу кун Наврўз байрами муносабати билан берилган ўн уч кунлик таътилнинг охирги кунидир) табиат бағрига чиқадилар, ўша кунни биргаликда вақтичоғлик ва ўйин-кулги билан ўтказишади. Кун охирида ёшлар ўз оила аъзолари билан бирга кўм-кўк ўт-ўланларни соч каби ўриб-турмаклаш асносида кўнгилларига туккан орзуларини баён этишади. Бу кун Эронда расман Табиат куни деб аталади.
Уйни умумий тозалаш, кўкат ундириш, янги йил харидини амалга ошириш, «Ҳафт син» («Етти син») дастурхони тузаш, айланиб томоша қилиш, дам олишга чиқиш, Наврўз тўғрисида шеърлар ўқиш, урушган ва аразлашган кишилар билан ярашиш, вақтичоғлик ва истироҳат каби гўзал ва ибратли удумлар ҳам Наврўз билан боғлиқ.
Уй тозалашда янги йилнинг бошланишига бир неча кун қолганда оила аъзолари биргаликда уйдаги барча буюмларни жойидан қўзғатиб, ювиб-артиб тозалайдилар, эскирган кийим ва буюмларни ташлаб юборадилар, хоналарни янгилаб, чиройли ҳолатга келтирадилар. Оиланинг барча аъзолари учун янги кийим сотиб олинади ва Наврўз байрами куни кийилади.
Кейин навбат кўкат ундиришга етади. Онахонлар Наврўзга бир ҳафта қолганда бироз буғдой, ясмиқ ва мошни аста-секин униб чиқиши ҳамда Наврўз дастурхонига тортилиши учун намлаб, чиройли идишларга қўяди.
Айрим тадқиқотчилар айтишича, ўтмишда ердан униб чиқадиган қут-баракани улуғлаш мақсадида Нарўзнинг етти рамзидан иборат бир дастурхон тузаш урф бўлган. Бизга маълум бўлишича, «Ҳафт син» атамаси эслатилган энг қадимий манба Амир Баҳоуддин Хўжандий (1356-1432) девонидир.
«Ҳафт син» дастурхонидаги неъматлар тўғрисида маълумот берувчи бошқа бир қадимий манба Иброҳим Султон Темурий (1393-1434) қаламига мансуб рисоладир.
Наврўз байрами куни тузаладиган дастурхон - «Ҳафт син»да унадиган ва «син» («с») ҳарфи билан бошланадиган қуйидаги етти турли ризқ-рўз ва ноз-неъмат тортилади: сабза (буғдой, арпа ва ясмиқ кўкати), себ (олма), саману (сумалак), сир (саримсоқ), санжид (жийда), сирка ва сумоқ (тотим).
кўкат – қайта туғилиш ва эндигина дунёга келганлик рамзи,
олма – гўзаллик ва соғлик рамзи,
сумалак – фаровонлик ва қут-барака рамзи,
саримсоқ – шифо ва даволаш рамзи,
жийда – муҳаббат рамзи,
сирка – сабр-бардош ва чидамлилик рамзи,
тотим – қуёшнинг чиқиши рамзи ҳисобланади.
Эроннинг айрим минтақаларида шу кунлари Наврўзга оид шеърлар ўқиш анъана тусини олган.
– Наврўз эронча тақвимдаги йилнинг биринчи фарвардин ойининг, яъни эронча янги йилнинг, шунингдек баҳор фаслининг биринчи куни ҳисобланади, – дея фикрини давом эттиради Элчи Ҳамид Наййирободий. – Эронда ҳалиям Наврўзнинг кўпгина қадимий удумлари сақланиб қолган. Ўзбекистон халқи Марказий Осиё ва Кавказнинг бошқа мамлакатлари қатори сўнгги йилларда Наврўзни кенг нишонлашмоқда, аста-секин унутилган удумларни қайта тикламоқда. Эронда сумалак ва бошқа анъанавий таом, ширинликлар пишириш Наврўзнинг ўта гўзал удумларидан ҳисобланади. Бир неча оила биргаликда ушбу таом ва ширинликларни Наврўз байрами тадбирлари, жумладан, «Ҳафт син» дастурхони учун тайёрлайди.
Эрон халқи Наврўзнинг биринчи куни кўкат палов, балиқ ва куку сабзий каби таомлар тайёрлаб, оила аъзолари ва улуғлар билан бирга тановул қиладилар.
Дарҳақиқат, Наврўз байрами ер куррасининг қуёш атрофида бир марта айланиб чиқиши ҳодисаси билан боғлиқ. Наврўз кириб келиши билан барча одамлар олдинги йилдан кўра яхшироқ, ранг-барангроқ йилни бошлашга тайёрланади.
Наврўз байрами кунлари мактабда таътил бўлгани сабабли, сайр-саёҳатга чиқиш учун қулай фурсат туғилади. Кўпчилик мамлакатнинг сайёҳлик марказлари, зиёратгоҳлари ва об-ҳавоси яхши жойларига боради. Бунинг учун халқимизга яратилган имконият бисёр. Баҳорий байрам барчага барокотли келсин.
Абдулазиз РУСТАМОВ тайёрлади,
ЎзА