Наврўз сайли иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади
Халқимизнинг ҳар бир қадрияти замирида инсон қадрини улуғлаш, саховатпешалик, меҳр-мурувват, тинчликпарварлик ғоялари мужассам.
Биз ҳар йили кўтаринки руҳ, катта завқ ва иштиёқ билан нишонлайдиган Наврўз байрами тимсолида мана шундай юксак фазилатларни кўришимиз мумкин.

Бу йил ҳам ана шу улуғ айём – шарқона янги йил баҳорий руҳ, ўзгача шукуҳ билан қадам қўймоқда.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида миллий қадрият ва анъаналарни ўзида мужассамлаштирган Наврўз сайли ташкил этилди.

Сайлда кенг жамоатчилик, талабалар, атрофдаги маҳаллалар ёшлари, хорижий мамлакатлар элчихоналари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Наврўз сайлида республикамизнинг 14 та ҳудудидаги миллий қадриятлар, урф-одатлар, миллий либослар, миллий таомлар, спорт ўйинлари намойиш этилди ва барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
ЎзА