Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наврўз – қадимдан қадрланган, бугун эса жаҳон тан олган байрам
08:00 / 2025-03-21

Ватанимиз тарихидаги 21 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

Баҳор қуёшининг заррин нурлари ер юзини қучганда, табиат уйғониб, ҳаёт янгиланади. Айнан шу ажойиб фаслда, кеча ва кундуз тенглашган паллада, “Янги кун” – Наврўз нишонланади. Қадимги тамаддунлар даврида шаклланган бу байрам “Йилбоши” сифатида улуғланиб, табиатнинг қайта жонланиши ва янги ҳосил йили бошланишини нишонлаш имконини беради. Асрлар оша Наврўз бетакрор анъаналар, маросимлар ва удумлар билан бойиб борди. Халқ сайиллари, томошалар, миллий ўйинлар, спорт мусобақалари байрамнинг ажралмас қисми бўлса, сумалак, кўксомса, баҳорий кўкатлардан тайёрланган таомлар унинг ёрқин рамзларига айланди. Наврўз Ўзбекистонда расман умумхалқ байрами ва дам олиш куни мақомини олди.

Наврўз байрамининг аҳамияти умуминсоний миқёсда ҳам эътироф этилди: 2009 йилнинг 30 сентябрида ЮНЕСКО Наврўзни инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритди, 2010 йил 19 февралда эса БМТ Бош Ассамблеяси 21 мартни “Халқаро Наврўз куни” сифатида нишонлаш ҳақида тарихий қарор қабул қилди. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб нуқталарида нишонланаётган бу байрам умуминсоний қадрият сифатида тан олинди. Наврўз бутун башарият маънавий меросининг дурдонаси сифатида тинчлик, дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни мустаҳкамламоқда, янгиланиш ва умид рамзи бўлиб, инсониятни бирлаштирувчи умумбашарий қадриятларни улуғлашга хизмат қилмоқда.

1410 йил (бундан 615 йил олдин) – темурийлар ҳукмдори Шоҳрух Мирзо Марвга ташриф буюрди. Хуросоннинг йирик шаҳарларидан бири бўлмиш Марв мўғулларнинг 1221–1222 йиллардаги вайронасидан сўнг анча хароба ҳолатига тушиб қолган эди. Шоҳрух Мирзо Марвнинг аҳволини кўриб, аввало у ерда янги канал қуришни буюрди. Шаҳарни обод қилишга топшириқ бериб, у ерга аҳоли кўчириб келтирилди. Шоҳрух Марвдаги тикланиш ишларини шахсан назорат қилиб, тез орада шаҳарда қатор масжидлар, бозорлар, ҳаммомлар, ҳонақоҳлар, мадрасалар барпо этди.

1925 йил (бундан 100 йил олдин) – Ўзбекистон касаба уюшмаларининг таъсис съезди бўлди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмаларига асос солинди. Бироқ бутун СССРда бўлгани сингари Ўзбекистонда ҳам меҳнаткашларнинг энг оммавий ташкилоти ҳисобланган касаба уюшмалари партия қўмиталарига тўла-тўкис қарам бўлиб қолди. 

1941 йил (бундан 84 йил олдин) – халқимизнинг атоқли ва ардоқли шоири, таржимон, публицист, жамоат арбоби Абдулла Орипов таваллуд топди (вафоти 2016 йил). У 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси матни муаллифидир. Унинг бутун ижоди, шунингдек, Давлат мадҳияси матни халқимиз қалбига мустақиллик ғояларини сингдиришда алоҳида аҳамият, куч-қудратга эга. Шоир ижоди давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган: Унга Ўзбекистон халқ шоири унвони берилган. Шоир давлат мукофотлари совриндори бўлган. У ижод аҳли орасида биринчи бўлиб “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида Абдулла Орипов ижод мактаби ташкил этилди. Юртбошимизнинг 2020 йил 2 декабрдаги Қарори билан 2021 йилда атоқли шоир Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланди.

1948 йил (бундан 77 йил олдин) – ранг-тасвир ва графика устаси, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Мирзаев таваллуд топди. Унинг асарлари ўзининг миллийлиги, ранглар уйғунлиги билан ажралиб туради. У 1990-йилларда Абдулла Қодирий асарларига, жумладан, “Ўтган кунлар” асарига қаламтасвирда “Кумуш ва Зайнаб”, “Хаёл”, “Ҳайдалиш куйи”, “Фузулийни ўқиб”, “Ҳаётим лолазоридан аюрдинг” ва бошқа асарлар яратиб миллий графика ривожига катта ҳисса қўшди. Алишер Мирзаев 1994 йилда Абдулла Қодирий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати бўлган, 1999 йилда “Эл-юрт хурмати” ордени билан мукофотланган.

1960 йил (бундан 65 йил олдин) – Буюк Британия Минералогия жамияти аъзоларининг мажлисида геолог олим, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ҳабиб Абдуллаев мазкур жамиятнинг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди. Шу йилнинг ўзида Франция Геология жамияти аъзолигига ҳам сайланди.

2000 йил (бундан 25 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Банк тизимини янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонга биноан хорижий банкларнинг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ўз сармоясини ва жалб этиладиган маблағлар ҳажмини муттасил кўпайтириб бориш учун барча имкониятлардан фойдаланиш, шунингдек иқтисодиётнинг реал тармоғи, аввало, кичик бизнесни кредитлаш шакллари, турлари ва миқдорларини кенгайтириш тижорат банкларининг энг муҳим вазифалари ҳисобланиши қайд этилди.

2006 йил (бундан 19 йил олдин) – “Ўзбекистон” телеканали интернет тармоғи орқали ер юзидаги барча мамлакатларга узатила бошланди. Телеканалнинг интернет орқали халқаро миқёсда узатилиши Ўзбекистон ҳақидаги ахборотни дунё бўйлаб тарқатиш имкониятини берди, мамлакатимизнинг халқаро ахборот маконидаги иштирокини кучайтирди.

2012 йил (бундан 13 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади