Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наврўз меҳр-оқибат байрами
20:36 / 2022-03-19

“Инсон қадри учун” тамойили асосида инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, одамларни рози қилиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди.

 Бу тамойил Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида ҳам бош мезон этиб белгиланган ҳолда ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароитини яратишга хизмат қилмоқда. Демакки, инсон манфаатлари мамлакатимизда олий қадрият сифатида эъзозланмоқда, улуғланмоқда. 

Дарҳақиқат, юртимизда ҳамиша ўзаро меҳр-оқибат, саховат, азалий қадриятларимизни эъзозлаш каби халқимизга хос эзгу фазилатлар улуғланиб келинган. Эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёши улуғ инсонларга ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда ҳам бу каби эзгу ишлар давом этмоқда. 
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Кармана тумани бўлинмаси томонидан “Наврўз” умумхалқ байрами олдидан кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор фуқароларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия тадбирлари ташкил этилмоқда. Шу кунга қадар 12 та оила ҳолидан хабар олиниб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланди. 


Кўнгли кемтик, ўзгалар парваришига муҳтож кишилар озгина эътибор ва рағбатнинг қадрини яхши билишади. Туну кун кимнингдир эшикдан кириб келишини, ҳолидан бир бора бўлса ҳам хабар олишини интиқлик билан кутади. Учрашув ва мулоқотлар чоғида ана шундай кишилар ҳолидан ҳам хабар олинди, уларга меҳр-мурувват кўрсатилиб, кўнгиллари шод этилди.
Шуҳрат Холияров Кармана тумани “Пахтаобод” маҳалласида яшайди. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар рўйхатида турувчи Ш.Холияров айни пайтда 1-гуруҳ ногирони, имконияти чекланган бўлиб, ўзи мустақил юра олмайди, ўзгалар кўмагига муҳтож. 
– Бугунги ташриф мен учун кутилмаган бўлди, – дейди у. – Кўнглим тоғдай кўтарилди. Озгина эътибор киши қалбини қувончга тўлдиради, деганлари рост гап. Буни бугун мен ўзимда яна бир бора ҳис қилдим. Тинч ва осойишта юртда, яхши ният, эзгу амаллар оғушида яшашга нима етсин?! Бахтимиз шундаки, биз ана шундай хотиржамлик ҳукмрон мамлакатда яшаяпмиз.
Меҳр-саховатнинг катта-кичиги бўлмайди, у доимо қалби ўксик, меҳрга муҳтож кишилар дилига олам-олам қувонч бағишлайди. Яхшилик кўрганларнинг эса уларга кўрсатилаётган алоҳида эътибордан, меҳр-мурувватдан кўнгиллари шод бўлади. Зеро, эъзоз ва эътибор, бир калима ширин сўз ҳеч қачон эсдан чиқмайди, бот-бот ёдга олинаверади. 
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги фармойишига асосан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Кармана тумани бўлинмаси ҳузурида ташкил қилинган “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, секторларда тузилган ишчи гуруҳлари томонидан муҳтож оилаларнинг оилавий шароитлари ўрганилиб, сектор раҳбарларининг маблағ ажратиш тўғрисидаги таклифларига асосан Халқ депутатлари туман Кенгаши сессияларида жамғарма маблағлари ҳисобидан аҳолининг муҳтож қатламларига қарийиб 530 миллион сўмлик турли кўринишдаги моддий ёрдам кўрсатилди. Шундан, 443,3 миллион сўмлик моддий ёрдамлар пул шаклида тарқатилди, 7 нафар фуқаронинг даволаниши учун 68,5 миллион сўм маблағ сарфланган бўлса, кекса авлод вакилларининг Ўзбекистон бўйлаб саёҳатларини ташкил қилиш учун 18,1 миллион сўм маблағ ажратилди.
Шунингдек, Фонднинг туман бўлинмаси томонидан 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан Кармана туманидаги 50 нафар ногирон, кўзи ожиз хотин-қизларга 20 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Абдували Бўриев, 
ЎзА.