Қарор ва ижро
Президентимизнинг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Бухоро вилояти Когон тумани “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолининг кўпдан кутган хайрли иши рўёбга чиқарди.

Ҳудудда 90 ўринга мўлжалланган замонавий мактабгача таълим муассасаси қуриб битказилди. Икки қаватли, шинам иншоот қурилиши пудратчи “Ғиждувон Ғовшун махсус қурилиш-монтаж” МЧЖнинг моҳир бинокорлари томонидан амалга оширилди.

Мазкур лойиҳага умумий қиймати 4 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Бунда ўғил-қизлар учун зарур шарт-шароит, керакли инвентарлар, адабиёт ва ўқув қуроллари билан жиҳозланган дарс, машғулот хоналари, ўйин майдончалари, шинам ётоқхона, ошхона, санитария ва иситиш тармоғи шай қилинган. Эндиликда ўндан ортиқ тарбиячи-ходим боғчага қатнайдиган болажонлар таълим-тарбиясига масъул сифатида бириктирилган.

18-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, ота-оналар иштирок этди. Тадбирда сўз олганлар обод қишлоқларимиз, янгиланаётган таълим муассасалари ва бунёдкорлик ишлари орқали юртимиз болажонлари фаровон ҳаёт ва муносиб таълим олиш имкониятига эга бўлаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг йиғилганлар таълим ташкилотида болажонлар учун яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишди. Якунда туман ҳокими бошчилигидаги мутасаддилар маҳалла аҳли билан биргаликда болалар боғчаси ҳудудига яхши ният билан манзарали кўчатлар ўтқазди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.