Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наврўз кўнгилларга қувонч улашди
15:50 / 2024-03-22

Ўлкамизга баҳор келди. Кўклам жозибаси, байрамлар шукуҳи бутун оламни яшнатиб, яшартириб юборди. Барча жойларда бўлгани каби Наврўзи оламни Навоий кон-металлургия комбинати кўпминг кишилик меҳнат жамоаси ҳам кўтаринки кайфият билан кутиб олишди. Комбинат ташаббуси билан Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” спорт-соғломлаштириш мажмуаси майдони эрта тонгдан карнай-сурнай ва мусиқа садолари остида тадбир иштирокчилари билан тўлди.

Ушбу халқ сайлида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, “Навоийуран” ДК, “НКМК жамғармаси” ДМ, маҳаллий аҳоли ва жамоатчилик вакиллари, ёшлар, Навоий шаҳар меҳмонлари, минглаб юртдошларимиз иштирок этди.  

Бўлинмалар томонидан ташкил этилган ранг-баранг анъанавий кўргазмалар намойиши, кўклам таомлари билан безатилган дастурхонлар, турли кўрик-танловлар, миллий санъат ва ҳунармандчиликнинг бетакрор намуналари, бадиий жамоалар ва фольклор-этнографик жамоалари чиқишлари, халқ ўйинлари, кураш, арқон тортишиш ва бошқа спорт мусобақалари, миллий урф-одатларни акс эттирган мусиқий дастур барча иштирокчилар, турли миллат ва элат вакиллари, меҳмонларга байрамона завқ бағишлади.

– Фарзандларим Навоий вилоятида яшаб, турли саноат корхоналарида ишлайди, – дейди мамнуният билан самарқандлик Ҳанифа ая Ражабова. – Бу йилги шарқона янги йилни фарзанд ва набираларим билан бирга нишонлаш учун келдим. Мана бугун Навоий шаҳрида НКМК томонидан ташкил этилган тадбирда иштирок этаяпман. Байрам барчада, шу жумладан, менда ва набираларимда жуда катта таассурот қолдирди. Буни сайилда иштирок этаётган ҳар бир юртдошимиз чеҳрасидаги қувончдан ҳам билса бўлади. Кўриб турибсиз, шукроналик туйғулари ҳар бир инсон кайфиятида намоён. Илоҳим, бундай қадимий қадриятларимиз, анъналаримиз, бирдамлигимиз, тинчлик ва фаровонлигимизга кўз тегмасин!

[gallery-16559]

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, байрам арафасида комбинат жамоаси томонидан 400 нафар нуроний, меҳнат фахрийси, кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиниб, меҳр-мурувват кўрсатилди, “Яшил макон” умуммиллий лойҳаси доирасида ҳашарлар, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ярмаркалари, ички туризм саёҳатлари ташкил этилди. Комбинат ишчи-ходимлари ва меҳнат фахрийлари ва иштирокчилар учун байрам дастурхонларига ош, сумалак, ҳалиса каби миллий таомлар тортилди.

Тадбир сўнггида комбинат бошқармаси ва унинг бўлинмалари томонидан намойиш этилган баҳорий таомлар кўргазмаси ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, ғолиб ва совриндорлар тадбир ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Ҳа, “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғояни ўзида чуқур мужассам этган Наврўз умумхалқ байрами, аҳил-иноқлик ва бахтиёрлик тимсоли сифатида тарихга муҳрланмоқда. Кўнгилларни завқу шавққа тўлдирмоқда.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари