Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наврўз – инсон қадрини улуғловчи байрам
12:29 / 2026-03-10

Юртимизда баҳор. Қадимий анъаналар, эзгу қадриятлар ва умумхалқ бирдамлигини ўзида мужассам этган Наврўз айёми яқин. Янгиланиш, ёшариш ва эзгулик рамзи бўлган ушбу байрам асрлар давомида халқимиз ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга. Бугун Янги Ўзбекистонда Наврўзнинг маъно-мазмуни янада бойиб, инсон қадрини улуғлаш ғояси билан тобора уйғунлашиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ушбу байрамнинг маънавий-маърифий мазмунини янада бойитиб, уни жамиятда инсон қадрини улуғловчи, эзгулик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этувчи умуммиллий байрам сифатида кенг нишонлашга хизмат қилади. 

Бундан ташқари, қарор Наврўз айёмини халқимизнинг бирдамлиги, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни намоён этадиган умуммиллий байрам сифатида янада кенг нишонлаш, шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш, атроф-муҳитни асраш, хайрия ва саховат ишларини кенгайтириш каби эзгу ташаббусларни амалга ошириш учун мустаҳкам ташкилий асос яратиб беради.

Қарорга кўра, Наврўз байрамига тайёргарлик ва уни ўтказиш бўйича махсус ташкилий қўмита тузилиб, байрамнинг ғоявий мазмунини янада бойитишга қаратилган концепция ишлаб чиқилади. Унда “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган ғоя асосий тамойил сифатида илгари сурилади. Бу ғоя халқимизнинг бағрикенглик, саховат, меҳр-оқибат каби азалий қадриятларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ҳужжатда Наврўз тадбирларини мазмунан таъсирчан ва тарбиявий аҳамиятга эга тарзда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган. Байрам сайиллари инсон ва табиат уйғунлиги, она заминга меҳр ва эҳтиром, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ғояларини кенг тарғиб этиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, жамият ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар ҳам Наврўз тадбирларида ўз аксини топади.

2026 йилги Наврўзнинг яна бир муҳим жиҳати – унинг Рамазон ҳайити байрами билан уйғун даврга тўғри келаётгани. Шу муносабат билан қарорда инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва саховат каби қадриятларни янада кучайтиришга қаратилган тадбирларга кенг ўрин берилган. Айниқса, кекса авлод вакилларини, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини эъзозлаш, “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларидаги инсонлар ҳолидан хабар олиш, эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш каби хайрли ишлар ташкил этилади.

Наврўз байрами арафасида юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам кенг кўламда амалга оширилади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш акциялари, умумхалқ ҳашарлари ташкил этилиб, шаҳар ва қишлоқлар янада обод ва кўркам қиёфа касб этади.

Шунингдек, байрам тадбирлари доирасида ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт мусобақалари, китоб ярмаркалари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдолари ва кўклам таомлари фестиваллари ўтказилиши режалаштирилган. Бу эса халқимизнинг бой маданий мероси ва миллий анъаналарини кенг намоён этишга хизмат қилади.

Қарорда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш масаласи ҳам алоҳида таъкидланган. Юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар вакилларининг миллий урф-одат ва анъаналари намойиш этиладиган тадбирлар Наврўзнинг бағрикенглик руҳини янада ёрқин ифода этади.

Пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” мажмуасида ташкил этиладиган халқ сайиллари ва театрлаштирилган концерт дастурлари байрамнинг энг ёрқин маданий тадбирларидан бири бўлиши кутилмоқда. Уларда мамлакатимизнинг таниқли санъаткорлари, ижодкорлар, ёш ижрочилар ва фольклор жамоалари иштирок этади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА