Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!
Бу йилги баҳор Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри аҳли учун ҳар қачонгидан файзли, баракали бошланди.
Март ойининг дастлабки кунларида, халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан шаҳар ҳокими Г.Алимова Президент фармонига кўра, “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Халқимиз, бутун мамлакатимиз бу йилги Наврўз умумхалқ байрамини юксак савияда нишонлашга қизғин ҳозирлик кўраётган бир пайтда Самарқанддаги илк байрам сайли Каттақўрғоннинг Ингичка қўрғонида ўтказилди.
“Ингичка баҳори”, деб номланган байрам сайлида турли вазирлик ва идоралари, вилоят ташкилотларидан вакиллар иштирок этиб, қўрғон аҳлини янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми билан табриклади.
Тадбирлар эрта тонгдан ёшлар иштирокида “Саломатлик учун 10 минг қадам” шиори остида оммавий юриш марафони билан бошланди. Шунингдек, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ҳарбий техникалар намойиши ва ҳарбийларнинг кўргазмали жанговор чиқишлари уюштирилди.
Ҳудуддаги 12-умумий ўрта таълим мактабида шаҳар нуронийлари, фаоллар ва ёшларнинг “Уч авлод учрашуви” тадбири бўлиб ўтди. Фахрийлар таълим муассасасида ўқувчилар учун яратилган шарт-шароит билан танишди, ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Мактаб ўқувчилари томонидан турли кўргазмалар, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилди.
Шаҳарчада кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ҳам яхшиланди. Мавжуд мактабгача таълим муассасалари таъмирланиб, янгилари барпо этилди. Жумладан, янгидан барпо этилган 120 ўринга мўлжалланган 21-мактабгача таълим ташкилотида ҳам болажонларнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олишлари учун кенг имкониятлар яратилди.
“Обод маҳалла” дастури доирасида қўрғончадаги “Нуробод” маҳалласида кенг кўламдаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Йўлларга асфальт ётқизилиб, аҳолининг электр таъминоти, сув, иссиқлик тизимига оид муаммолари бартараф этилди. Маҳалла учун янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Тадбир иштирокчилари ушбу маҳаллада ҳам бўлди.
“Ингичка баҳори” байрам тадбири давомида қўрғончадаги Маданият саройи майдонида спортчи ёшларнинг чиқишлари, кураш ва бошқа миллий спорт мусобақалари, маданият бўлими жамоаларининг фольклор чиқишлари ва миллий халқ ўйинлари ташкил этилди. Маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар ўртасида байрам дастурхони танлови, ингичкалик фахрийларни рағбатлантириш маросимлари ўтказилди.
Байрам муносабати билан Маданият саройида катта концерт дастури намойиш этилди.
Унда иштирок этган Президент маслаҳатчиси Т.Худойберганов, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Ингичка аҳлини байрам билан табриклаб, Наврўзнинг инсонларни ҳамжиҳатлик, бирдамликка чорловчи эзгу сифатлари ҳақида сўз юритди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА