Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наврўз ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун қўшалоқ байрам бўлди
14:40 / 2022-03-22

Aйём шукуҳи кезиб юрган айни кунларда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Пачкамар қўрғонида жойлашган ҳарбий қисмда 96 та хонадонни ўз ичига олган 2 қаватли 4 та хизмат уйи ҳарбий хизматчилар ихтиёрига топширилди.

Бу ҳақда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Фаровон турмуш учун зарур қулайликларга эга 2 ва 3 хонали хонадонларда барча шароит муҳайё. Иссиқ ва совуқ сув, газ ва электр таъминоти ҳеч бир шаҳар имкониятларидан кам эмас. 

Хизмат уйларини эгаларига тантанали топшириш маросимида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор Зайнобиддин Иминов, вилоят ҳокимлиги, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Сўз олганлар барчани байрам билан табриклаб, янги уй соҳибу-соҳибаларига фаровон ҳаёт тиладилар. Хонадон калитларини қабул қилиб олаётган оилалар қувончи бир олам бўлди.

Болалар майдончалари, дам олиш масканлари, савдо дўкони, замонавий болалар боғчасини ўз ичига олган маскан митти шаҳарчани ёдга солади. Тадбир жараёнлари Наврўз сайлига уланиб кетди. Ўнлаб қозонларда ош мусобақалари, сумалак сайли, миллий таомлар кўргазмаси каби қалбга баҳорий илиқлик олиб кирувчи тантаналарда маҳалла аҳли, отахону-онахонлар, болажонлар ҳақиқий байрам завқини туйдилар. 

Тинч юртга байрамлар ярашади – дейди доно халқимиз. Ушбу шодиёна ҳам Ватанимиз тинчлиги, дастурхонимиз тўкинлиги, халқимизнинг шукронада эканини кўз-кўз этгани сабаб таассуротларга бой бўлди.

ЎзА