Табиатнинг уйғониши, орзиқиб кутилган баҳор айёмининг таровати ҳар бир қалбга беназир туйғуларни ҳадя этиб,эзгуликка чорлайди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан Наврўз байрами арафасида эзгу амалларни бажариш анъанага айланган. Наврўзнинг бетакрор қадриятларидан бўлмиш меҳр-оқибат, хайру саховат, кўмакка муҳтож инсонларга беминнат ёрдам бериш алоҳида ўрин тутади десак хато бўлмайди.
Зеро, Наврўзнинг руҳи ва ғоялари ҳам ҳар бир инсонни эъзозлаб, дардига дармон бўлиш, қалбига меҳр-муҳаббат уруғини сочишга даъват этади. Комбинат фаоллари томонидан байрам арафасида Олмалиқ шаҳрида истиқомат қилувчи 2 нафар Иккинчи жаҳон уруши ва 19 нафар меҳнат фронти фахрийларига, 58 нафар байналмилал жангчиларга, 4 нафар Чернобил АЭС фалокатини бартараф этишда иштирок этганларга 9 хил турдаги озиқ-овқат жамланмалари туҳфа этилди. Шунингдек, 154 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож пенсионерлар ва 31 нафар боқувчисини йўқотган юртдошларимиз шундай байрам совғаларидан баҳраманд бўлишди. Бундан ташқари, комбинат ҳомийлигига олинган махсус муассасаларда ҳам байрам тадбирлари ташкиллаштирилмоқда.

Хусусан, Олмалиқ шаҳридаги 80-сонли кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб интернати, Ангрен шаҳар 34-сонли махсус интернат мактаби, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги "Саховат" уйи, Олмалиқ шаҳар 6-сонли ёрдамчи ихтисослаштирилган мактаби, Оҳангарон туманидаги “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, Пискент тумани 79-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернати каби муассасаларда ҳам ОКМК хомийлигида байрам дастурхони ёзилиб, байрам тадбирлар ўтказилди.
Комбинат ёшлари ва касаба уюшмаси қўмитаси фаоллари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, кам таъминланган боқувчисини йўқотган оилаларнинг уй-жойларида ташкил этиладиган хайрия ҳашарларини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунингдек,Наврўз байрами муносабати билан 141 нафар комбинат ишчи-ходимлари учун имтиёзли нархларда Фарғона ва Бухоро вилоятларига сайёҳат ташкил этилиши кўзда тутилган.
ОКМК ва Ўзбекистон Республикаси Кончилик ва металлургия саноати фахрийлар Кенгаши Олмалиқ шаҳар ҳудудий бўлими билан ҳамкорликда Олмалиқдаги «Марҳамат» тантаналар саройида комбинат меҳнат фахрийлари учун ташкил этилган Наврўз байрами тадбири ҳам нуроний отахон ва онахонларга манзур бўлди.
ОКМК Ахборот хизмати
ЎзА