Наврўз ҳар жабҳада янгиланиш байрами. У Фарғона вилояти учун ҳам қувончли натижалар ҳамда умидбахш режалар эълон қилинадиган кун бўлди.
Фарғона иқтисодиёти йил сайин мустаҳкамланяпти. Давлат раҳбарининг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаши натижасида сўнгги уч йилда уларнинг сони 65 мингдан 88 мингтага ошди. Ёки 1,3 баробарга кўпайди. Вилоят ялпи ички маҳсулоти таркибида кичик бизнеснинг улуши 73 фоизга етди. Масалан, 2017 йилда у атиги 57 фоиз эди, холос.
Қишлоқ хўжалигидаги ютуқлар эса ҳайратланарли. Экин майдонлари қисқартирилган бўлсада, ҳосилдорликнинг ошиши натижасида ялпи ҳосил сўнгги йилларда қарийб 1,5 баробарга ошиб, 300 минг тоннага етди.
Наврўз яна эзгу тилаклар изҳори куни. Қолаверса, қутлуғ Рамазонда нишонланаётган Наврўз тилакларга ижобат бахш этажак.
Маълумки, Президент қарори билан 2025 йил Фарғона вилоятини ижтимоий - иқтисодий ривожлантириш йили, деб эълон қилинди. Бу йил вилоятда 6 млрд доллар миқдоридаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Шунингдек, 1,5 млрд доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинади, 3,7 млрд доллар миқдоридаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилади.
Натижада вилоятда 408 минг янги иш ўрни яратилиб, камбағаллик даражаси 5 фоизга камаяди.
Бу рақамларни Наврўз байрамининг тантанали очилиш чоғида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қайд этди ва аҳли Фарғона уни қизғин қўллаб-қувватлади.
[gallery-22372]
Ана шундай умидбахш рақамлар тилга олингач, саҳналаштирилган томошалар бошланди. Дастлаб Наврўзнинг қадим саҳифалари бадиий ифодасини топди. Халқ ўйинлари, қизиқчи-ю дорбозлар саҳнани эгаллаб, азалий қўшиқлар янгради. Фарғона санъатининг дарғалари Маъмуржон-у Жўрахон ҳофиз, Фарғона булбули Таваккал Қодиров овозларига янги овозлар жўр бўлди. Гулчечаклар каби болажонлар куйлаб рақсга тушдилар.
Бу йил биринчи бор Наврўз байрами Фарғонанинг Экошаҳаридаги улкан амфитеатрда нишонланди. Аслида эрта тонгдан бу ерда сайл бошланган эди. Иқтидор эгалари, меҳнат жамоалари ўзлари эришган ютуқларни кўз-кўз қилиб, байрам иштирокчиларига намойиш этдилар.
Тошлоқлик Насибахон Сайдаматова таълим менежменти танловида ғолиб бўлиб мактаб директорлигига тайинланган вилоятнинг биринчи амалдорларидан.
– Ўтган йили Фарғона вилояти учун таълим соҳасида жуда катта ютуқ ва муваффаққиятлар йили бўлди. Кўплаб янги мактаблар қурилди, эскилари мукаммал таъмирланди, замонавий ўқув жиҳозлари ва компьютерлар билан таъминланди, – дейди Тошлоқ туманидаги 16-мактаб директори Насибахон Сайдаматова.–Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг иш ҳақи Президентимизнинг махсус қарорига кўра оширилгани биз учун жуда катта совға бўлди.
Минг жилва билан отилаётган фавворалар бўйида Фарғонанинг ёш спортчилари миллий ва анъанавий спортда эришган ютуқларини намойиш этишди. Улар орасида мамлакат чемпиони, ҳозир маҳалла ёшлари сардори Ўғилхон Азимжонова ҳам бор эди.
– Таэквондо спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлдим, халқаро биринчиликларда ва Ўзбекистон кубоги мусобақаларида 1-2-3-ўринларни эгалладим, – дейди Фарғона шаҳридаги “Беруний” МФЙ ёшлар сардори Ўғилхон Азимжонова.–Бор тажрибам ва ютуқларимни ёшлар етакчиси лавозимида ишлаб маҳалламиз ёшларида спорт кўникмаларини шакллантиришга сарфламоқдаман. Бу йил “беш ташаббус олимпиадаси” йўналишидаги республика мусобақасида маҳалламиз ёшлари ҳам иштирок этади.
Ҳали қанча йиллар ўтар, сувлар оқар, аммо бу йилги Фарғона Наврўзи халқчиллиги, оммавийлиги, самимияти билан ёдда қолажак.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/KRseXFTGNnY" title="NAVROʻZ – EZGU NIYATLAR IZHORI KUNI" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари