Баҳорнинг ёқимли тафти дилларимизга ҳузур бағишлаётган шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида яшариш ва янгиланиш айёми Наврўзи олам катта шоду хуррамлик билан нишонланмоқда.
Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам байрам шукуҳи кезмоқда. Пандемия шаротидан келиб чиқиб, маҳаллаларда, очиқ осмон остида сайллар ташкил этилаяпти. Айниқса, эзгу амаллар кенг қулоч ёзмоқда. Беморлар, ёлғиз кексалар холидан хабар олиняпти, саховат ишлари кўрсатиляпти.
Ўзбекистон туманидаги эҳтиёжманд, "Аёллар дафтари"га киритилган оилалар фарзандларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг фарзандларига хатна тўйи қилиб берилди.
Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев тўй болалар ва уларнинг ота-оналарини шодиёна билан самимий қутлаб, давлатимизда ҳеч ким эътибордан четда эмаслигини яна бир бор таъкидлади.

Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброхимов томонидан ижро этилган қўшиқлар, сўз устаси Ғайрат Аҳмедовнинг ичакузди аскиялари байрамга завқ улашди. Тадбирда тўй болаларга туман ҳокимлигининг эсталик совғалари топширилди.
Қўштепа тумани “Ғиштмон” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган байрам тадбирида 51 та маҳалла фуқаролар йиғинидан “Аёллар дафтари”га киритилган 120 нафар хотин-қиз иштирок этди. Байрам дастурхони ёзилиб, маданий дастур намойиш этилди.
– “Қоражийда” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайман – дейди Ҳаётхон Йўлдошева. – Маҳалладаги боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд аёллар тоифасида “Аёллар дафтари”га киритилганман. Бугунги тадбирга таклиф қилинганлигимдан жуда хурсандман. Бу ерда бизга кўрсатилаётган илтифотдан, улашилган совға-саломлардан бошимиз осмонга етди.
М. Сулаймонов,
ЎзА