Фарғона вилояти Учкўприк туманида Наврўз байрами арафасида янги маданият ва аҳоли дам олиш маркази фойдаланишга топширилди.
Тантанали тадбирда иштирок этган туман ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев мамлакатимизда аҳолининг замонавий шароитларга эга дам олиш масканларида маданий ҳордиқ чиқариши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Наврўз байрамида бу маскан аҳоли учун муносиб туҳфа бўлди.
Президентимизнинг 2018 йил 28 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида марказ биноси қарийб 2,5 миллиард сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Марказда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш ҳамда ансамбль ва бадиий гуруҳларнинг фаолият кўрсатиши, айниқса, ёшларнинг ижод қилишлари учун барча шароит яратилган.
Ўттиз мингдан зиёд аҳолига беминнат хизмат кўрсатувчи марказда 300 ўринли томоша зали, туман тарихини акс эттирувчи мўъжаз ўлкашунослик музейи, кутубхона, турли тўгараклар, маънавият ва машғулот хоналари бор.

Бу ерда «Тановар» ашула ва рақс халқ ансамбли, «Ҳангома» кулгу халқ театри, ёш аскиячилар мактаби, фольклор-этнографик жамоалар фаолияти йўлга қўйилган.
– Марказда рақс, ашула, доира, дутор, рубоб, анъанавий эстрада хонандалиги каби 15 та йўналишда тўгарак ташкил этилган. Бу тўгаракларга 200 нафарга яқин ёш қатнашмоқда. Ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ҳам дарсдан бўш вақтида марказга келиб, ўзлари хоҳлаган йўналишда маҳорат ошириши мумкин, – дейди марказ раҳбари Умиджон Ҳасанов.
М. Сулаймонов,
ЎзА