Бухорода «Наврўз» умумхалқ байрами арафасида Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси вилоят ҳудудий инспекциясининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Икки қаватли, замонавий типда барпо этилган иншоот бугунги кунда юртимизда ўсимликлар карантини соҳасида амалиётга татдбиқ этилаётган ислоҳотларнинг ўз вақтида ва тизимли амалга оширилиши учун тўлақонли замин яратди.
Бинонинг тантанали очилиш маросимида сўз олган вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ҳам буни алоҳида эътироф этди.

Масканда масъуллар республикамиз ҳудудида катта иқтисодий зарар келтириши мумкин бўлган зарарли организмларнинг фитосанитар хавф таҳлилини ўтказиш ва улар кириб келишининг олдини олишга қаратилган илмий асосланган фитосанитар чоралар ишлаб чиқиш, карантиндаги ва бошқа хавфли зарарли организмлар ўчоқларини йўқ қилиш ва улардан ҳоли бўлган ҳудудларни белгилаш, улар тарқалишининг олдини олиш, қарши курашиш бўйича яратилган шарт-шароитлар билан танишишди. Карантин объектларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига таъсирини илмий жиҳатдан ўрганиш, уларни зарарсизлантиришнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш ва янги турдаги энтомофаглар яратиш, инспекция ходимларига, тадбиркорлик субъектларининг агроном ва энтомологларига билим бериш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш учун барча шарт-шароитлар бор.

Шу вақтга қадар кўримсиз, авария ҳолатидаги бинода фаолият олиб борган инспекция ходимлари ноқулай иш шароитида меҳнат қилишдан ташқари, тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, экспортёр ва импортёр корхоналарга сифатли хизмат кўрсатишга ҳам тўсқинлик қилиб келаётган эди.

Бухоро шаҳридаги янги иншоот шу каби муаммоли масалаларнинг ижобий ечим топилишига ҳам хизмат қилди.
Бир вақтнинг ўзида бинога ёнма-ён тарзда махсус иссиқхона ҳам ташкил қилинган. Маскан инспектор ва агрономлари бу соҳа ривожи йўлида ҳам шу жойнинг ўзида қатор тадқиқотларни амалга ошириш имконига эга бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА