Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
НАВРЎЗ – 2021: Самарқандда Наврўз сайли
19:59 / 2021-03-19

Наврўз байрами тантаналари шаҳарнинг Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғидан бошланди.

Самарқандда Наврўз сайли

Байрамона безатилган боғнинг бир тарафида миллийлигимизни акс эттирган ўйинлар, лапарлар намойиши, бир томонда баҳорий таомлар кўргазмаси, яна бир тарафда эса спорт мусобақалари, дорбозлар томошалари уюштирилди.

Байрам сайлида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди ва аҳолини байрам билан қутлади.

Вилоятдаги бошқарма ва идоралар, Самарқанд шаҳридаги маҳаллалар боғда ўзлари учун ажратилган жойларда Наврўзни сайл тарзида нишонлади. Нуронийлар янги йил, янги деҳқончилик мавсуми қут-баракали келишини, халқимиз саломат бўлишини сўраб дуолар қилди.

Шунингдек, вилоят мусиқали драма театри биноси ёнидаги майдонда, Қорасув массиви, Фарҳод ҳамда Кимёгарлар шаҳарчаларида ҳам байрам тадбирлари ташкил этилди.

[gallery-1661]

Хусусан, шаҳардаги гастрономик кўча – Орзу Маҳмудов кўчасида вилоят ҳокимлиги, туризмни ривожлантириш департаменти, “Ипак йўли” халқаро туризм университети ҳамкорлигида сумалак сайли ўтказилди.

Маданий-кўнгилочар дастурлар намойиш этилиши билан бирга аҳолига сумалак ва бошқа миллий таомлари тарқатилди, уларни тайёрлаш жараёнлари кўрсатиб берилди.

Туман ва шаҳарларда ҳам баҳор таомлари тайёрланиб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган кишилар, эҳтиёжманд оилалар, кексалар ва беморларга тарқатилди.

Байрам кунлари вилоятда ўнлаб мактаб ва боғчалар, тиббиёт муассасалари, спорт иншоотлар фойдаланишга топиширилди.

Вилоят маҳаллаларида Наврўз сайллари давом этмоқда.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА