Наврўз умумхалқ байрами арафасида Наманган вилоятида тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилувчи бир қатор ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилмоқда.
Хусусан, Наманган туманидаги Катта Тошбулоқ маҳалласи ҳудудида электр двигателларни ишлаб чиқарувчи "Nam Motor Servis" масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини бошлади.
Умумий қиймати 30,1 миллиард сўмни ташкил этувчи мазкур лойиҳанинг суммасидан 17 миллиард сўми лойиҳа ташаббускорининг ўз маблағи ҳисобидан амалга оширилган бўлса, 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ Халқ банкининг кредити ва 1 миллион доллар эса хитойлик ҳамкорлар сармоялари ҳисобига тўғри келади.
[gallery-1650]
Лойиҳа икки босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган. Дастлабки босқичда лойиҳа ташаббускори томонидан бино-иншоотларини қуриб битказиши, банк кредити кўмагида Хитойда ишлаб чиқарилган технологиялар олиб келиши режалаштирилган.
Айни пайтга келиб, лойиҳани биринчи босқичи учун 20 миллиард сўм маблағ сарфланиб, қурилиш ишлари якунига етказилди. Хитой Халқ Республикасининг “Fujian Haineng Electrical Co., Ltd” компаниясидан олиб келинган технологиялар ўрнатилиб, ишга туширилди. Бунинг натижасида 70 та янги иш ўрни яратилди.
Лойиҳанинг кейинги босқичида 2021-2022 йиллар давомида қўшимча бино қурилиб, яна 70 кишини иш билан таъминлаш кўзда тутилган.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА