Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Навоийуран”нинг бир гуруҳ масъуллари Германияда бўлишди
15:39 / 2023-11-02

“Навоийуран” давлат корхонасининг бир гуруҳ масъул раҳбарлари экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларини ўрганиш мақсадида Германия давлатида бўлишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июлдаги “2022-2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформaция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида корхонани трансформaция қилиш ҳамда халқаро талабларга мувофиқ экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этиш бўйича вазифалар белгилаб берилган.

Ташриф давомида делегaция вакиллари Атроф-муҳит, ижтимоий ва бошқарув ҳамда Барқарор ривожланиш ҳисоботи бўйича семинар- тренингларда иштирок этишиб, соҳага доир турли мавзуларда билим ва кўникмаларини оширди.

– Семинарнинг мақсади иштирокчиларга ESG рейтингларини яхшилаш ва янада барқарор келажакка ҳисса қўшиш учун ESG амалиётларини ўзларининг бизнес оперaцияларига қандай интегрaция қилиш ҳақида кенг қамровли тушунча беришдан иборат бўлди, – дейди “Навоийуран” ДК Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Д.Темиров. – Биз ESG ва бизнес оперaцияларда ESG ечимларини татбиқ этишнинг амалий стратегиялари ҳақида кенг қамровли тушунчага эга бўлдик. ESG рейтингларидаги сўнгги тенденциялар ва ишланмалар, ҳисобот бериш ва ошкор қилишнинг энг яхши амалиётлари ҳақида маълумот олдик.

Делегaция аъзолари Германиянинг бир қанча шаҳарларида бўлиб, мазкур давлатнинг йирик саноат ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.

– Ташриф дастурига асосан делегaциямиз вакиллари гуруҳларга бўлинган ҳолда бир қатор компанияларнинг ESG бўйича ҳисоботларини ўргандик, компаниялар фаолияти билан боғлиқ назарий билимларга эга бўлик, - дейди “Навоийуран” ДК бош ҳисобчиси А.Адизов. - Семинар-тренингнинг назарий қисмида олинган кўникмаларни мустаҳкамлаш мақсадида Бремен (Bremen) шаҳридаги “Airbus” компанияси, Вольсфбург шаҳридаги “Volkswagen” автоконцерни ва Велзов шаҳрида жойлашган кўмир қазиб олиш карьерлари фаолияти билан яқиндан танишдик. Хусусан, қазиб олиш жараёнлари тўхтатилган карьерларнинг рекультивaция жараёнлари, корхонанинг атроф муҳитга ва аҳолига салбий таъсирини камайтириш бўйича амалга оширилган ишларни ўргандик.

Семинар-тренинглар якунида иштирокчиларга сертификатлар берилди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири