“Навоийуран” давлат корхонасида “CERT INTERNATIONAL” Халқаро сертификатлаштириш органи томонидан сертификатларни топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Жорий йилнинг март ойида корхонада “CERT INTERNATIONAL” Халқаро сертификатлаштириш органи бош мутахассислари ва аудиторлари томонидан Халқаро стандартлар талабларига асосан сертификатлаштириш аудитининг биринчи босқичи ва апрель ойининг сўнгида иккинчи босқичи ўтказилган эди.
Аудит сўнгида компания томонидан “Навоийуран” давлат корхонаси халқаро стандартлар ISO 9001, ISO 14001, ISO 45001 талабларига мувофиқ "Интеграциялашган Бошқарув Тизими" Халқаро сертификатига лойиқ, деб топилган эди. Учрашув давомида “CERT INTERNATIONAL” Халқаро сертификатлаштириш органи аудитори А.Алимов томонидан ушбу халқаро ва миллий сертификатлар корхона раҳбарига топширилди.


Бугунги кунда корхона томонидан табиий уран тўлиқ экспортга йўналтирилмоқда. 2030 йилга қадар республикамизда уран минерал хомашёси базасини 100 минг тоннага етказиш, табиий уран маҳсулотининг ишлаб чиқариш ҳажмини икки баравар, аммоний перренатини 1,7 баробарга ошириш режалаштирилган. Жаҳон бозорида маҳсулотнинг харидоргир бўлишини таъминлашда эса бу каби халқаро сертификатлар муҳим аҳамиятга эга.
А.Бўриев, ЎзА