“Навоийуран” давлат корхонасида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Тадбирда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи Шуҳрат Сағдуллаев, корхонанинг комплаенс хизмати бошлиғи Алишер Мустафоев коррупциянинг келиб чиқиш омиллари, соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ички тартиботлар бўйича маълумот берди.

Таъкидланишича, корхонада 2025 йилнинг ўтган 10 ойи давомида коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш йўналишида қатор ишлар амалга оширилган. Шунингдек, коррупциявий хавфи юқори бўлган лавозимларда фаолият юритувчи ва янги ишга қабул қилинган ходимлар учун ИСО 37001:2025 ҳамда ИСО 37301:2021 стандартлари бўйича ўқув курслари ташкил этилиб, 15 нафар ходимга сертификатлар топширилган.

– Корхонамизда инсон омилини камайтириш, рақамли бошқарув орқали самарадорликни ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди комплаенс хизмати бошлиғи Алишер Мустафоев. – Бугунги кунда геология ва қидирув соҳасида инсон омилини камайтириш, жараёнларни автоматлаштириш коррупцион хавф-хатарларнинг олдини олишнинг энг самарали воситаси эканлиги халқаро тажрибада ўз исботини топган. Корхонамизда қидирувдан то захираларни ҳисоблашгача бўлган босқичларда рақамли ечимлар изчил жорий этилмоқда. Жумладан, “Зафаробод” кон бошқармасида геофизик маълумотларни таҳлил қилиш бўйича диспетчерлик маркази ташкил этилмоқда. “Учқудуқ” геотехнологик кони захиралари рақамли технологиялар асосида қайта баҳоланмоқда. Барча рухсат ишлари ягона gov.uz портали орқали амалга оширилмоқда. Бу нафақат хилма-хил маълумотлар ишловини тезлаштирди, балки ҳар бир қарорнинг ҳисобдорлиги ва назоратчанлигини кучайтирмоқда.

Давлат харидларида шаффофлик коррупцияга қарши курашишнинг энг муҳим жиҳатларидан биридир. 2025 йилнинг 9 ойи давомида “Навоийуран” давлат корхонаси томонидан 4324 та шартнома электрон майдонлар орқали расмийлаштирилди. Ҳар бир шартнома Коррупцияга қарши қўшимча бандлар билан тўлдирилди. Харид жараёнларида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш мақсадида контрагентларни текшириш бўйича 117 та ҳисобот тайёрланди, 1984 та шартномага хулоса берилди. Шартномалар ижроси таҳлил қилиниб, муддати ўтган дебитор қарздорликларни юзага келтирган 10 та шартнома бекор қилинди.

Яқинда “Навоийуран” давлат корхонаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал келишуви ташаббусига қўшилган бўлиб, бу корхонанинг инсон ҳуқуқлари, меҳнат муносабатлари, экология ва коррупцияга қарши курашиш бўйича универсал тамойилларга амал қилишга тайёрлигини билдиради.
Тадбир якунида иштирокчиларга коррупция бўйича амалдаги қонунчилик, жавобгарлик масалалари ҳамда халқаро тажриба ҳақида маълумот берилиб, уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
А.Бўриев, ЎзА