“Навоийуран” давлат корхонаси халқаро рейтинг агентлиги – Sustainable Fitch томонидан ESG рейтинги тасдиқланиб, умумий балл 55 дан 61 гача оширилди ва “3” даражада сақлаб қолинди.
Sustainable Fitch баҳосига кўра, ушбу натижа “Навоийуран” ДКнинг аниқ ва тизимли барқарорлик стратегияси, ESG йўналишида олиб борилаётган изчил трансформация ҳамда корхонада ташкил этилган кучли корпоратив бошқарув тизими самараси ҳисобланади. Рейтинг балининг оширилиши корхонанинг ESG бошқарувини такомиллаштириш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлари халқаро миқёсда эътироф этилганини тасдиқлайди.
– Рейтинг ҳисоботида “Навоийуран” томонидан ишлаб чиқарилаётган табиий уран – атом энергетикаси орқали иссиқхона газлари чиқиндиларисиз энергия ишлаб чиқаришга хизмат қилиши ижобий омил сифатида баҳоланди. Бу эса глобал миқёсда иқлим ўзгаришига қарши курашга қўшилаётган муҳим ҳисса сифатида эътироф этилди, – дейди ESG тамойилларини жорий этиш ва ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўлими гуруҳ раҳбари Муҳриддин Ҳамроев. – Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида корхонанинг кенг қамровли экологик стратегияси, асосий экологик кўрсаткичларнинг очиқ эълон қилиниши, шунингдек, сўнгги йилларда экологик ҳодисаларнинг қайд этилмаганлиги ижобий баҳоланди. Ижтимоий йўналишда корхонанинг инсон ҳуқуқлари ва меҳнат муносабатлари бўйича тасдиқланган сиёсатлари, меҳнат шароитларининг юқори даражадалиги ҳамда сўнгги уч йил давомида ижтимоий ҳодисаларнинг қайд этилмаганлиги юқори баҳога сазовор бўлди. Бундан ташқари, гендер тенглиги бўйича корхонада олиб борилаётган кенг қамровли ишлар, хусусан, корхона бошқарувида аёл ходимлар иштироки ортганлиги алоҳида қайд этилди. Ушбу омиллар “Навоийуран” ДК ходимлар учун хавфсиз, барқарор ва тенг ҳуқуқли меҳнат муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини кўрсатади.
Корпоратив бошқарув соҳасида компаниянинг миллий ва халқаро бошқарув стандартларига мувофиқ фаолият юритиши, Кузатув кенгаши ва Бош директор ваколатларининг аниқ ажратилгани бошқарувда мувозанат, шаффофлик ва масъулиятни таъминлаётгани ижобий баҳоланди.
Мазкур ESG рейтинг натижалари “Навоийуран” давлат корхонасининг масъулиятли бошқарув, барқарор ривожланиш ва очиқлик тамойилларига қатъий амал қилаётган ишончли ҳамда барқарор компания сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди. Шунингдек, корхонанинг Янги Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида муносиб ҳисса қўшаётганини тасдиқлайди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири