Ижтимоий ҳимоя
“Навоийуран” давлат корхонаси томонидан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Конимех тумани ҳудудий бўлинмаси таклифига асосан ногиронлиги бор ва жисмоний имконияти чекланган 50 нафар конимехлик болажон ва уларнинг ота-оналари учун тарихий Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этилди.

Саёҳат давомида зиёратчилар қадимий Регистон майдони, Ҳазрати Хизр масжиди, Боқий шаҳар каби тарихий ва замонавий масканларга ташриф буюрди.

– Бугун биз жудаям хурсанд бўлдик, кўрмаган жойларимизни кўрдик, томоша қилдик, кўплаб қизиқарли тарихий маълумотларга эга бўлдик, – дейди Азиза Явкашова. – Кайфиятимиз яхши, айримларнинг Самарқанд шаҳрига ҳатто биринчи марта келиши экан. Юртимизда бўлаётган улкан бунёдкорлик ишларига ҳам гувоҳ бўлдик. Барча ташкилотчиларга раҳмат айтамиз.

Албатта, бугунги кунда юртимизда ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган, ногиронлиги бор ва жисмоний имконияти чекланган шахсларни ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Корхона томонидан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Конимех туманидаги “Наврўз”, “Юксалиш”, “Тўққизтепа”, “Шўртепа”, “Бирлик” ва “Шўркўл” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилалар фарзандлари ва ногиронлиги бўлган болажонлар учун байрам ширинликларидан иборат дастурхон ёзилди.
Байрам тадбири давомида болажонларга ўқув қуролларидан иборат совғалар тарқатилди, эртак қаҳрамонлари иштирокида турли кўнгилочар томошалар ташкил этилди.
Тадбир сўнггида болажонлар ўйин майдончасида мириқиб ўйнаб, ҳордиқ чиқарди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири