Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Навоийуран” давлат корхонаси вакиллари Кореяда малака оширмоқда
13:53 / 2023-03-09

“Навоийуран” давлат корхонаси вакиллари Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида бўлиб ўтаётган “WorldSkills International” халқаро ассоциацияси Бош Ассамблеясининг VI йиғилишида иштирок этмоқда.

Президентимизнинг “2022 – 2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг “Навоийуран” давлат корхонасини ривожлантириш ва трансформация қилиш бўйича “Йўл харитаси” да корхона таркибидаги ўқув маркази фаолиятини такомиллаштириш, жумладан, халқаро стандартлар (WorldSkills) асосида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш вазифалари белгиланган.  

Шунга мувофиқ “Навоийуран” давлат корхонаси ва Worldskills Uzbekistan” Ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси ўртасида халқаро “Worldskills” стандартлари асосида кадрлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш, малака тоифасини беришнинг янги тартиби ва механизмини яратиш, ходимларни ривожланган давлатларда малака ошириш курсларини ташкил этиш мақсадида келишув имзоланган эди.  

“Навоийуран” давлат корхонаси Ахборот хизмати хабарига кўра, дастурга асосан дастлаб иштирокчилар “WorldSkills International” халқаро ассоциацияси, Касб таълими марказлари фаолияти билан танишдилар ва иккала томоннинг тақдимотлари ўтказилди.

Бугун навоийликлар “WorldSkills” стандарти бўйича кадрлар тайёрлаш дастури ҳамда кадрларга қўйиладиган талаблар юзасидан семинарларда иштирок этади.  

Ташриф якунида “WorldSkills International” ассоциациясининг йиғилиши ўтказилиб, унда эришилган натижалар, келгусидаги режалар муҳокама қилинади. Шунингдек, Навоийуран” давлат корхонасига аъзо бўлганлик тўғрисидаги сертификатлар топширилади.  

 

А.Бўриев, ЎзА