“Navoiyuran” давлат корхонаси жамоа фаолияти “Sustainable Fitch” халқаро рейтинг агентлиги томонидан ESG рейтинги “3” даражасида 55 балл кўрсаткич билан баҳоланганини мамнуният билан маълум қилади. Мазкур эътироф корхонанинг масъулиятли бошқарув, барқарор ривожланиш ва очиқлик тамойилларига содиқлигини тасдиқлайди.
“Sustainable Fitch” рейтинг агентлиги ўз ҳисоботида “Navoiyuran” ДК барқарорлик стратегиясини босқичма-босқич амалга ошираётгани, миллий ва халқаро меъёрларга қатъий риоя этаётганини ижобий баҳолади.
Корхонанинг экологик сиёсати, асосий кўрсаткичлари ошкора эълон қилиниши, охирги йилларда экологик ҳодисалар қайд этилмагани ва Радиоактив чиқиндиларни бошқариш жараёни Ўзбекистон Республикасининг “Радиацион хавфсизлик тўғрисида”ги қонунига тўлиқ мос равишда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги назорати остида олиб борилаётгани алоҳида таъкидланган.
Ижтимоий йўналишда “Navoiyuran” ДКнинг ички сиёсати, очиқлик даражаси ва сўнгги йилларда ижтимоий ҳодисалар қайд этилмагани ҳам юқори баҳога сазовор бўлди. Бу эса корхона ходимлари учун хавфсиз ва тенг ҳуқуқли меҳнат шароитларини яратишга бўлган алоҳида эътиборни намоён қилади.
Корпоратив бошқарувда компания миллий ва халқаро амалиётга амал қилиши, Кузатув кенгаши раиси ва Бош директор ваколатлари ажратилгани корхона бошқарувида мувозанат ҳамда масъулиятни таъминлашда ижобий омил сифатида қаралди.
Мазкур ESG рейтинги Янги Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида “Navoiyuran” давлат корхонаси ҳам салмоқли ҳисса қўшаётган ишончли ва барқарор компаниялар сафидан ўрин эгаллаётгани ифодасидир.
“Navoiyuran” давлат корхонаси PR хизмати