Пойтахтимиздаги "Туркистон" саройида Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган "Назм ва наво" мусиқий кечаси бўлиб ўтди.
Маълумки, Алишер Навоий шеъриятини, шоир улуғлаган эзгу ғояларни тарғиб этишда мусиқа санъатининг аҳамияти беқиёсдир.
Эътиборга молик жиҳати, аллома бобокалонимиз ғазаллари билан куйланувчи қўшиқлар халқимизнинг кўнгил мулкидан жой олган мусиқий асарлардан саналади. Айни пайтда мазкур мусиқий асарлар бадиий баркамоллиги, юксак савияси, мукаммаллиги билан ажралиб туради.
[gallery-27567]
Улуғ шоир ижодига мурожаат этиш санъаткорлардан катта масъулият, сўз санъатининг билимдонлиги, миллий меросимиз ва томошабин олдидаги улкан бурчни астойдил ҳис этишни талаба қилади.
"Назм ва наво" мусиқий кечаси айни шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ташкил этилгани билан диққатга сазовор бўлди. Концерт давомида устоз санъаткорлар, Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли, ёш ижрочилар томонидан миллий мақом йўлидаги мусиқий асарлар ижро этилди.
Жонли ижро асосида ташкил этилган мусиқа оқшоми иштирокчиларида "Назм ва наво" кечаси катта таассурот қолдирди. Дарҳақиқат, Алишер Навоий шеърияти тенгсиз, беназир, бебаҳо экани билан ғоят қадрлидир.
Назокат Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА