Қарийб олти асрдан буён муттасил ўрганиб келинаётгани буюк бобокалонимиз Алишер Навоий адабий ва илмий меросининг аҳамияти нечоғлиқ беқиёс экани исботидир.

Савол туғилади: улуғ мутафаккир асарлари бугунги замон кишиси учун нима беради? ХХI юзйилликнинг иккинчи чораги бошланган айни кезда беназир шоир ижодий меросига нечоғлиқ эҳтиёж бор? Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Ўзбек адабиёти тарихи ва матншунослик кафедраси мудири, навоийшунос олим, филология фанлари доктори, профессор, устоз ижодкор Нурбой Жабборов билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
- Домла, буюк шоир ва давлат арбоби, улуғ аллома Алишер Навоий ижодини қандай таърифлаган бўлар эдингиз?
- Ҳазрат Алишер Навоий инсонни икки тоифага бўлади: сурат аҳли ва маъни аҳли. Сурат аҳли ҳамма нарсанинг фақат ташқи, зоҳирий жиҳатларинигина англайди, асл моҳиятга ета олмайди. Бу тоифадаги кишилар кўпчиликни ташкил этади. Маъно аҳли эса ҳар бир ҳодисанинг зоҳирию ботинини бирдай теран идрок этади. Унинг назарида бутун моҳият худди ойнадаги каби аён бўлиб туради. Сурат аҳли – оддий авом бўлса, улуғ шоиру адиблар, олиму фозиллар, авлиёлар ва набийлар маъно (ёки маоний) аҳлига мансубдир. Авом деганда фақат оддий халқни тушунмаслик керак. Жоҳ аҳли – моддий бойлик, мансаб ва шон-шуҳрат эгалари ҳам агар маънодан бебаҳра қолса, авом қаторида бўлади. Аксинча, зоҳиран оддий бўлиб кўринган киши ҳам маъно оламида юксак мартабада бўлмоғи мумкин.
“Лисону-т-тайр”да эр кишини ҳиммат улуғлашини таъкидлар экан, улуғ шоир мана бундай ёзади:
Эрга ҳимматдин берур юз эътибор,
Жоҳу мулку ганжнинг не дахли бор.
Мол ўлуб гар йўқ кишининг ҳиммати,
Маъни аҳли оллида йўқ иззати.
Демак, буюк мутафаккир дунёқарашига кўра, маъни аҳли наздида жоҳу мулку ганжнинг заррача ҳам эътибори йўқ ва улуғ даражадаги бу тоифанинг иззатига фақат ҳиммат орқалигина эришмоқ мумкин. Машҳур тарихчи Ғиёсиддин Хондамир таъбири билан айтганда, ҳазрат Алишер Навоий “ҳеч қачон ҳиммат этагига фоний дунё молига муҳаббат ғуборини, бу жаҳон ашёсига қизиқиш гардини юқтирмаган”и учун ҳам маъно оламида юксак рутбага кўтарилган. Мен, бир сўз билан ҳазрат Алишер Навоийни маоний аҳлининг соҳибқирони, деб атаган бўлар эдим.
- Бугунги кунда инсоният ҳазрат Алишер Навоий ижодига қанчалик эҳтиёж сезмоқда?
– Алишер Навоий адабий мероси барча замонлар, жумладан, бугунги давр учун ҳам ҳаётий заруриятдир. Улуғ мутафаккир асарлари наинки муайян халқ ёки миллатни, балки бутун башариятни маънавий таназзулдан қутқара оладиган қувватга эга. Ҳамма гап ул зотнинг бебаҳо асарларини муттасил мутолаа этиш ва ундаги юксак ғоялардан муносиб фойдалана олишда. Глобаллашув шиддати дунёни тобора кенгроқ миқёсда тасарруфига олаётган, геосиёсий вазият борган сайин кескинлашиб, манфаатлар тўқнашуви кишилик жамиятининг бугуни ва келажагига таҳдид солаётган бир замонда ҳазрат Алишер Навоий асарларига бўлган эҳтиёж тобора кучайиб бормоқда. Нима учун? Чунки буюк бобокалонимиз асарлари инсонни ахлоқан комил бир мақомга кўтаради, маънавий иллатларни муолажа этади.
Одамзоднинг табиати қизиқ. Бутун онгу шуурини эгаллаб олган лоқайдлигу бепарволик уни мудом таъқиб этади. Ақлу тафаккурини аксар ҳолларда кеч ишлатади. Бой берилган имконият, исроф қилинган вақт олдида кўпинча ожиз қолади. Акс ҳолда бугун дунёнинг турли бурчакларида кечаётган нотинчлигу одамкушлик рўй бермас эди. Терроризм балосидан ҳеч ким жабр чекмас, экстремизм вабо сингари қутқу сололмаган бўлар эди...
Тинчлик ва осойишталик шундай бир неъматки, одамзод унинг қадрини кўпинча бой берилгандагина англайди. Ҳолбуки, уни ўз вақтида қадрламоқ керак. Улуғ мутафаккир ҳазрат Алишер Навоий бундан қарийб олти юз йил нарида туриб, кўнгилларни ана шу ҳақиқат нури билан ёритиб турибди:
Уйки, адно тебранур сокинга хотир жамъ эмас,
Не ажаб, гар амн йўқтур гунбади гардон аро.
Байтдаги “адно” – “озгина”, “сокин” – “яшовчи” маъносида келган. Иккинчи мисрадаги “амн” – “тинчлик”, “гунбади гардон” – “айланиб турувчи фалак” демакдир. Модомики уй озгина тебранар экан, унда яшаётган одам хотиржам бўла олмайди. Шундай экан, мудом айланиб турувчи фалак ичра осойишталик йўқлиги асло ажабланарли эмас, дейди буюк адиб. Тинчликка, хотиржамликка эришмоқ осон эмаслиги ифодаланган ушбу байтда.
“Бадойиъу-л-васат” девонидаги мана бу байтда юқоридаги фикрнинг мантиқий давомини кузатиш мумкин. Жаҳон осойишига эришмоқ осон эмаслиги аён. Бироқ ҳаммаси ниятга яраша бўлади. Агар инсон ўзини ўзи мушкулотга дучор қилмаса, осойишга осонроқ ҳам эришмоқ мумкин:
Жаҳон осойишин оллингда мушкул қилмаким, бордур
Тутай мушкул десанг – мушкул ва гар осон десанг – осон.
Ҳазрат Алишер Навоий ўгитлари – инсониятни бахту саодатга элтувчи йўлчи юлдуз. Дарҳақиқат, осонлик ҳам, мушкулот ҳам инсоннинг ўзига: хулқига, ниятига, амалига боғлиқ. Бу ўгитга амал қилган одам ҳеч қачон осонни мушкулга айлантирмайди. Аксинча, мушкулни осон қилиш йўлини тутади.
“Умрни ғанимат бил, сиҳҳат ва амниятқа шукр қил”. Буюк адибнинг “Маҳбубу-л-қулуб” асаридан олинган бу сўзлари нечоғлиқ ҳаётий ва кўнгилга яқин-а! Яъни ҳаётингнинг ҳар бир дақиқасини огоҳлик билан ўтказ, нима учун яратилганингни, зиммангда қандай масъулият борлигини ёдингдан чиқарма, демоқчи шоир. “Сиҳҳат ва амниятқа шукр қил!” Қадим тарихга ва беқиёс маданиятга эга халқимиз дуо қилар экан, Яратгандан икки неъматни сўрайди: соғлик ва тинчлик. Ана шу неъматлар учун шукрона билдириш ҳам миллатимизнинг асл табиатига хос. Улуғ мутафаккир асарлари ана шу асл моҳиятни ифодалагани жиҳатидан ҳам ҳеч бир замонда эскирмайди. Авлодлар қалбини маърифат зиёси билан мудом ёритиб келаётгани сабаби шунда.
Буюк мутафаккир “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарида Луқмони ҳаким тилидан мана бу эътирофни ёзади: “...борча юкни торттим, бурчдин оғирроқ юк кўрмадим ва борча лаззатни тоттим, офиятдин чучукрок шарбат тотмадим”. Яъни инсон зиммасидаги бурчни унутишга ҳаққи йўқ. Дунёдаги энг тотли неъмат эса, тинчлик ва осойишталик. Бу неъматга эришганлар чин маънода бахтиёрдирлар.
Алишер Навоий ижодини ўрганган канадалик олим Гарри Дик мана бундай ёзади: “Биз миллатимизни тарбиялаш учун чин санъаткорларга муҳтожмиз... Ҳақиқий тараққиёт ташқарида эмас, инсоннинг юрагида содир бўлиши керак. Биз Навоийдек шоирларнинг ўз тилимизда кўпроқ сўзлашлари ва кишиларнинг улардан кўп нарсаларни ўрганишларига муҳтожмиз”. Бу эътироф замирида чуқур маъно бор. Буюк бобокалонимизнинг тинчлик ва осойишталикка даъват ўлароқ битилган ҳикматлари ҳам буни тасдиқлайди. Улар худди бугунги кун учун ёзилгандек. Инсоният чин маънода саодатга эришмоғи учун ана шу ҳикматлар мағзини чақмоғи, уларга амал қилмоғи зарур. Бу ҳали масаланинг биргина жиҳати. Бани башарни дунёпарастлик, ҳирсу ҳавас, нафсу ҳаво ботқоғидан олиб чиқишда ҳам буюк Навоий ўгитлари йўлчи юлдуздир. Ватанпарварлик, миллатпарварлик туйғулари ёш авлод қалби ва руҳига улуғ бобокалонимиз ўгитлари орқали осонроқ ва чуқурроқ сингади. Ҳамма гап уни ўқиш ва уқишда.
- Алишер Навоий меросини мукаммал ўрганиш шахсан Сизга нима берди?
- Буюк бобокалонимиз меросини ўрганиш менинг қалбимга инсонни комил, жамиятни мукаммал кўриш орзусини жойлади. Умрни беҳуда юмушларга совурмаслик, вақтни қадрлаш, одам ва оламнинг моҳиятини англаш туйғусини солди кўнглимга.
Ҳар нафасинг ҳолидин огоҳ бўл,
Балки анга ҳуш ила ҳамроҳ бўл.
Боштин аёғиғача қил сарфи Ҳақ,
Тенгри санга ёр, ўқусанг бу сабақ.
Масаланинг муҳим бир жиҳатига алоҳида эътибор қаратиш зарурати бор. Ҳазрат Навоий бу фикрларни назарий қарашлари сифатида баён қилибгина қолмай, ҳаётда ҳам шунга тўлиқ амал қилган. “Ҳар нафасинг ҳолидин огоҳ бўл, Балки анга ҳуш ила ҳамроҳ бўл” деганларида ўзлари мансуб хожагон-нақшбандия тариқатидаги “Ҳуш дар дам” рашҳаси моҳияти бадиий талқин этилгани бунга далилдир. Маълумки, унга кўра, ичкаридан чиқаётган ҳар бир нафас огоҳлик ва ҳузур юзасидан бўлиши, ғафлат унга ҳеч йўл топмаслиги керак. Бу – ҳазрат Навоийдек огоҳ зотларнинг ҳаёт тарзи. Бироқ бундай саодатга ноил бўлиш ҳаммага бирдай насиб этмаслиги ҳам аён ҳақиқатдир.
Олимлар “инсон” ва “нисйон” (“унутувчи”) сўзларининг ўзаро алоқадор эканини айтадилар. Дарҳақиқат, Одам болаларининг табиати унутишга мойил. Инсон ботиндан кўра зоҳирга кўпроқ эътибор беради. Ўз моҳияти ҳақида тафаккур қилиш борасида ундан ҳам кўра ялқовроғи йўқ. Нима учун яратилгани, зиммасида қандай масъулияти борлиги хусусида кўп ҳам ўйлайвермайди. Хўш, у ҳар нафаси ҳолидан ғафлатда қолса нима бўлади? Ҳазрат Навоий ижодининг хос хусусиятларидан бири шундаки, ул зотнинг асарларида мавзу муфассал тадқиқ қилинади, нуктадонлик билан таҳқиқ этилади. Дунёда нима ёмон – ғофиллик ёмон. Бундан ҳам ёмони, инсоннинг огоҳликдан кўра ғафлатга мойилроқ эканидир. Ўзининг ғафлатда қолганини англаш ҳам бахтдан нишона. Ғофил бўлсаю ғафлатда эканини ҳам ҳис этмаса, бадбахтлик бундан ортиқ бўлмас. Улуғ бобокалонимиз ана шу ҳолни тасвирлар экан, кишига ундан ҳам оғир мотам йўқлиги ҳақидаги хулосага келади.
Инсон ҳазрат Навоий каби улуғлар меросидан баҳра олмасдан ҳам ўлмай тирик яшаши мумкиндир, балки. Лекин бундай тирикликда бирор маъни борми? Бундай ҳаётга ҳавас қилиб бўладими? Албатта, йўқ. Ўзи яшаётган ҳар бир лаҳзани қадрлаш, уни маънавий камолотга эришмоқ учун берилган имкон деб билиш одамзод умрига зийнат бағишлайди. Уни комилликка чорлайди. Ана шундай кишилари кўп бўлган жамият, шубҳасиз, равнақ топади. Буюк Навоий мероси қалбимга ана шундай ҳикматларни солди. Энди ҳамма гап уларга муносиб даражада амал қила билишда. Бу йўлда жидду жаҳд этмоқ учун ғайрат ва шижоатни, илм ва маърифатни ҳам буюк бобокалонимиз ўгитларидан олиш мумкин. Назаримда, ана шундай туйғулар билан яшаш улуғ бахтдир.
– Мазмунли ва самимий суҳбат учун ташаккур, Домла!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди