Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган “Навоийни англаш – ўзликни англаш” мавзусида адабий-маърифий анжуман ўтказилди.
Тадбирда “НКМК” АЖ Бошқаруви раиси – Бош директори Қувондиқ Санақулов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов, филология фанлари доктори, профессорлар Нурбой Жабборов ва Абдуҳамид Холмуродов, Навоий вилояти ҳокимлиги, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, ижодкор зиёлилар, жамоатчилик вакиллари ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Анжуманда навоийшунос олимлар Алишер Навоийга бўлган юксак эҳтиром, буюк алломанинг жаҳон адабиёти ва тафаккури тарихида ўчмас из қолдирган серқирра ижтимоий-сиёсий, ижодий, илмий-маърифий фаолияти асрлар давомида юксак инсонпарварлик, Ватанга садоқат, адолат ва эзгулик тимсоли сифатида барчани эътиборини тортиб келаётгани, бебаҳо ижодий меросининг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
[gallery-27543]
Бугунги кунда буюк алломаларнинг адабий меросини кенг тарғиб қилиш ва чоп этишда Навоий кон-металлургия комбинати ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, Алишер Навоийнинг 580 йиллигига совға сифатида Навоий ғазаллари ва рубоийларидан сараланган “Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт...” китоби 15 минг нусхада чоп этилган бўлса, буюк мутафаккиримизнинг 585 йиллигига эса академик Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий ҳаёт йўли” китоби ўзбек ва қозоқ тилларида нашр этилди.
– Навоийнинг ҳаёти ва асарларини чуқур ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, бадиий маҳорати билан дунёқараши ва билим доирасининг кенглиги унинг серқирра ижодида яққол кўриниб туради, – дейди Шуҳрат Сирожиддинов. – У нафақат ўзигача мавжуд адабий анъаналар, тур ва жанрлардан маҳорат билан фойдаланди, балки уларни такомиллаштиришга ҳаракат қилди. Шунингдек, асарларининг юксак фалсафий маъно-моҳиятидан унинг фақат исломий илмлар эмас, балки турли илоҳиётга оид таълимотлардан чуқур хабардорлиги, уларнинг асосларини яхши билган мутафаккир эканлиги англашилади.
Тадбир давомида Навоий ғазаллари асосида ижро этилган куй-қўшиқлар даврага ўзгача файз бағишлади.
А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА