Навоийликлар ҳам “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди
Навоий вилояти, Навоий шаҳридаги 4-умумтаълим мактаби ўқувчиси Суҳроб Ҳайдаров оиланинг тўнғич фарзанди.
Навоий вилояти, Навоий шаҳридаги 4-умумтаълим мактаби ўқувчиси Суҳроб Ҳайдаров оиланинг тўнғич фарзанди.
У таҳсил олиш билан бирга бўш вақтида ижтимоий тармоқлар орқали дастурлаш, робототехника йўналиши бўйича ўз кўникмаларини мустаҳкамлаб боради.
Шу билан бирга Суҳроб 4 тилда – ўзбек, рус, инглиз ва корейс тилларида гаплаша олади.
Сухроб илк бора 15 ёшида товуқларни профессионал боқиш учун “Ақлли катак”ни ихтиро қилиб мутахассислар тилига тушди. Дастлабки рағбатлар уни қатор робототехника олимпиадалари ҳамда кўрик-танловларида қатнашга чорлади. 2018 йилнинг октябрь ойида “Иқтидорли ёшлар форуми”да ўз йўналиши бўйича ва “Youth techno art-2018” республика танловида “Робототехника” йўналишида 1-ўринни эгаллаб, халқаро “Youth techno art-2019” фестиваль-танловида қатнашиш учун йўлланмани олади. Шундан кейин у бир неча бор халқаро танловларда ғолибликни кўлга киритди. Жорий йилда эса “Мард ўғлон” давлат мукофотига сазовор бўлди.
Маълумки, шу кунларда барча жойларда глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида ўз меҳнати ва олижаноблиги билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшган, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлаётган юртдошларимизга “Меҳр-саховат” кўкрак нишонини топшириш маросимлари бўлиб ўтмоқда.
Коронавирус пандемиясига қарши курашишда бир гуруҳ ватандошларимизнинг алоҳида хизматлари эътирофга муносиб бўлмоқдаки, уларнинг саъй-ҳаракатлари сабаб, касаллик хавфи кескин камайишига эришилмоқда. Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ва самарали ислоҳотлар натижаси ўлароқ, ҳеч бир меҳнат эътибордан четда қолаётгани йўқ.
Навоий вилояти ҳокимлигида ташкил этилган тантанали маросимда бир гуруҳ навоийликларга ҳам Президент Фармони билан “Меҳр-саховат” кўкрак нишони топширилганлиги сўзимизнинг амалий исботидир.
Тақдирланганлар орасида эса қаҳрамонимиз – Навоий шаҳридаги 4-умумтаълим мактаби ўқувчиси Суҳроб Ҳайдаров ҳам бор.
– Ҳамиша синовли кунларда халқимиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши қадриятларимизнинг бир бўлагидир, – дейди С.Ҳайдаров. – Ёш бўлишимга қарамай ана шундай юксак мукофотга лойиқ деб топилишим менга юксак масъулият юклайди.
Юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва эл фаровонлигига ҳисса қўшиш мақсадида билимимни янада ошириб, билдирилган ишончни албатта, оқлайман,
Шунингдек, тантанали маросимда мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан вилоятимизнинг бир қатор соҳаларида ўзларининг муносиб хизматлари билан ўрнак бўлиб келаётган юртдошларимиз, Сирдарё вилоятида рўй берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларида жонбозлик кўрсатган тадбиркору қурувчилар вилоят ҳокимлигининг “Фахрий ёрлиқлари” ҳамда “Ташаккурнома”лари билан тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими К.Турсунов сўзга чиқди.